Украинада 60 ёшдан ошганларга армияда хизмат қилиш ҳуқуқи берилди

30.07.2025 11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина президенти Володимир Зеленский янги қонунни имзолаб, 60 ёшдан ошган фуқароларга ҳарбий ҳолат пайтида армияга ихтиёрий равишда қўшилиш имконини яратди. Бу Украина армиясидаги кадр танқислигини бартараф этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ukrainada harbiylar

2025 йил 29 июл куни Украина президенти Володимир Зеленский 60 ёшдан катта фуқароларга ҳарбий хизматга ихтиёрий асосда қўшилишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда The Kyiv Independent нашри хабар берди. 

Янги қонунга кўра, ёши катта кўнгилликлар фақат жанговар бўлмаган ва ихтисослаштирилган лавозимларда фаолият юритишлари мумкин. Улар ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтиб, ҳарбий бўлинма командиридан рухсат олсалар, бир йиллик шартнома асосида хизматни бошлашлари мумкин.

Зобит сифатида хизмат қилишни истаганлар Бош штаб ёки бошқа тегишли ҳарбий тузилмалар томонидан алоҳида тасдиқ олишлари талаб қилинади. Ҳарбий хизматга ёлланган фуқароларга икки ойлик синов муддати белгиланган. Агар бу даврда улар хизматга ноёқли деб топилса, шартнома муддатидан олдин бекор қилинади.

Қонунда хизмат қилиш учун энг юқори ёш чеклови белгиланмаган. Бироқ ҳарбий ҳолат тугаганидан сўнг барча шартномалар автоматик равишда бекор қилинади. Ташаббус Украинада техник, логистика ва ёрдамчи хизматларда малакали кадрлар етишмаслигини ҳал қилишга қаратилган.

Маълумот учун, Украина 2024 йил апрелда армияга чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшга туширган эди. 2025 йил февралдан бошлаб эса 18–24 ёшли кўнгилликлар учун бир йиллик шартномалар ва молиявий рағбатлар жорий этилган.