Маълумотларга кўра, Киев 770 млн долларлик аванс маблағини турли мамлакатлардаги қурол сотувчи компанияларга тўлаб, жавобан қурол ёки ускуналарни олмаган ё тўлиқ бўлмаган миқдорда, ёки носоз ҳолда қабул қилган. Бу мамлакат мудофаа бюджети (йилига тахминан 6–8 млрд доллар)нинг сезиларли қисмига тўғри келади.
Собиқ мудофаа вазири Алексей Резниковнинг таъкидлашича, фронтда ўлимга дуч келаётган ҳарбийларни тезда қуроллантириш энг устувор вазифа бўлган ва шундай шароитда нархга эмас, етказиб бериш тезлигига эътибор берилган.
Украина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари айни пайтда хорижлик қурол брокерлари билан тузилган ўнлаб шартномаларни ўрганмоқда. Жумладан, Мудофаа вазирлигининг собиқ расмийлари Тоомас Нахкур ва Александр Лиев Хорватиядан 100 мингта мина сотиб олиш жараёнида 36 млн долларни ўзлаштиришга уринишда гумон қилинмоқда. Улар ўз айбини тан олмаяпти.
Украина Мудофаа вазирлиги 309 млн доллар авансни суд орқали қайтариб олиш устида ишламоқда. Қолган 460 млн доллар бўйича етказиб берувчилар билан судгача бўлган музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Украина Вена арбитраж судида АҚШнинг «OTL Imports» компаниясига қарши даъвони ютди. Компания 17,1 млн доллар олдиндан тўлаб берилган бўлишига қарамай, ўқ-дори етказиб бермаган. FT маълумотларига кўра, компания экспорт қилишга рухсат олмаган ҳолда шартнома тузган.