Ҳозирча парламентда овоз бериш натижалари жамоатчиликка умумий рақамларда — «ёқлаган», «қарши» ёки «бетараф» бўлганлар сони кўринишида тақдим этилади. Аммо яқин келажакда ҳар бир депутатнинг шахсий овози аниқ кўриниши мумкин бўлади. Бу ҳақда «Рақамли маълумотлар ва ривожланиш: ошкоралик ва жавобгарлик» мавзусидаги давра суҳбатида депутат Илҳом Абдуллаев маълум қилди, деб ёзмоқда Замонавий журналистикани риворжлантириш маркази.
Ушбу имконият Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида жорий этилади. Лойиҳа 2024 йил 9 сентябрда расман бошланган ва унинг умумий қиймати 13,95 млн долларни ташкил этади.
Лойиҳада Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида реал вақтда тўғридан тўғри эфирга узатувчи тизим ўрнатиш, шунингдек маҳаллий кенгашлар билан видеоконференциялар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Барча жамоатчилик ушбу жараёнларни ягона веб-сайт орқали кузатиб бориши мумкин бўлади.
Лойиҳа якунланиши 2027 йилга мўлжалланган. У парламент фаолиятида шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашда муҳим босқич ҳисобланади. Шунингдек, маҳаллий кенгашлар билан фаол мулоқотни кучайтириш орқали фуқароларнинг давлат ишларидаги иштироки кенгайтирилади.
Марказ томонидан ўтказилган давра суҳбатида журналистлар ва давлат органлари матбуот хизматлари вакиллари рақамли воситалар билан ишлаш кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлди. Шу асосда жамоатчиликнинг давлат қарорлари устидан назорат олиб боришига йўл очилади.