Қўмитага кўра, ҳозиргача 2 644 та иссиқхона бўйича тўловлар муддати узайтирилди, қолганлари юзасидан ишлар якунланмоқда. Шу билан бирга, 3,3 минг иссиқхона хўжалигининг ҳар бири бўйича солиқ қарзи ва молиявий жарималар тўлаш муддати ҳам уларнинг шахсий ҳисобларида узайтирилган.
Бундан ташқари, 2 490 та хўжаликка тегишли 2 831 та объект бўйича 8,7 минг гектар ер майдони саноат тоифасидан қишлоқ хўжалиги тоифасига ўтказилди. Бу уларга 48,8 млрд сўм маблағни тежаш имконини беради.
Давлат солиқ қўмитаси аввалроқ иссиқхоналарни газ билан таъминлаш масалаларини ҳал этиш учун 4 та ишчи гуруҳ тузган эди. Ушбу гуруҳлар жойларда иссиқхоналар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишни бошлади.
Мазкур чоралар иссиқхона соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларнинг айланма маблағларини ошириш ва иқтисодий ҳолатини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.