Ўзбекистонда ўтган июл ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди

01.08.2025 11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Жорий йил июл ойи Ўзбекистоннинг катта қисмида кузатувлар бошланганидан буён энг иссиқ ой сифатида қайд этилди. «Метеожурнал» маълумотича, қўшни Туркманистон пойтахти Ашхободда ҳам июл ойи тарихдаги энг иссиқ давр бўлган.

Issiq

Ўзгидромет маълумотига кура, Самарқанд ва Термизда ўртача ойлик ҳарорат кузатувлар бошланганидан бери энг юқори қийматга етди. Ой давомида кузатилган учта кучли иссиқлик тўлқини 2021 йилдаги рекордни камида 0,2 даражага янгилади. Фарғона шаҳрида эса 2023 йилдаги +29,8 даража ҳарорат рекорди такрорланди.

Тошкентда жорий июл 1868 йилдан бери иккинчи энг иссиқ ой бўлди. 18–23 июл кунлари пойтахтда ҳар куни максимал ҳарорат +42 даража атрофида бўлди. Ой бошида эса 4 июлда +43,5 даража қайд этилди, бу ойнинг энг юқори кўрсаткичи бўлди.

Жазирама ҳаво аҳоли саломатлиги ва турмуш тарзига сезиларли таъсир кўрсатди. Кўпчиликда уйқу ва овқатланиш режими бузилди, бош оғриқ ва қон босими муаммолари кўпайди. Шу билан бирга, меҳнат самарадорлиги пасайиши, соғлиқни сақлаш ва энергетика тизимига юкламалар ортиши қайд этилди.

Муттахассислар бундай иссиқликнинг иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳақида алоҳида таҳлил беришини маълум қилмоқда.