AirAsia ноябрдан Тошкент–Куала Лумпур қатновини йўлга қўяди

01.08.2025 12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Малайзиянинг AirAsia X Berhad авиакомпанияси 2025 йил 14 ноябрдан бошлаб Куала Лумпур — Тошкент — Куала Лумпур йўналишида мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлайди.

Airasia

Компания Ўзбекистон фуқаро авиацияси агентлигидан 2025 йил февралда ушбу йўналишда парвозлар ўтказиш учун рухсат олган. Илк режага кўра, рейслар октябр ойидан бошланиши керак эди. Парвозлар Airbus A330 самолётларида ҳафтасига уч марта амалга оширилиши белгиланган. Бу ҳақда Туризм қўмитаси маълум қилди.

AirAsia X Berhad — AirAsia таркибидаги Малайзиянинг йирик лоукостер авиакомпанияси бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. Компания COVID-19 пандемиясидан сўнг Африка ва Марказий Осиё бозорларига чиқди ҳамда Олмаота ва Найробига рейсларни йўлга қўйди.

Янги авиақатнов Ўзбекистонга Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан, жумладан, Малайзия, Индонезия ва Сингапурдан сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу эса мамлакат туризм бозори учун муҳим қадам бўлиши таъкидланди.