Блогер Никита Макаренконинг ўз инсайдерларига таяниб ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати Sea Breeze Uzbekistan компаниясига нисбатан қатор чекловларни ўз ичига олган махсус инвестиция шартномасини тайёрламоқда. Асосий талаблардан бири — компания Чорвоқ сув омбори ёки Чирчиқ дарёси каби ичимлик суви манбаларига ҳеч қандай канализация ёки оқова сувларни оқиза олмайди.
Ҳужжат лойиҳасида белгиланишича, инвестор тўрт босқичли тозалаш тизимини жорий қилиши шарт. Бу технология орқали тозаланган оқова сувлар яна қурилиш ва мажмуа эҳтиёжлари учун қайта ишлатилади. Ҳукумат бундай қарорни Тошкент ва Тошкент вилояти аҳолиси орасида ичимлик сувининг ифлосланишидан хавотирлар ортиб бораётгани туфайли қабул қилмоқда.
Агар компания мазкур экологик стандартларга риоя қилмаса, ундан ер участкасини олиб қўйиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бу шартларни бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси топшириғи асосида Экология вазирлиги ва прокуратура зиммасига юклатилиши режалаштирилмоқда.
Яқин кунларда мазкур талаблар акс этган Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилиниши кутилмоқда. Қарор фақат Sea Breeze Uzbekistan эмас, балки Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси ҳудудида жойлашган барча объектларга тааллуқли бўлади. Мавжуд қурилишларни ҳам қамраб олувчи текширувлар ўтказилади ва оқова сувларни ичимлик манбаларига тўкаш бутунлай тақиқланади.