Тошкентда электр узилишлари юзасидан энергетика вазирига сенатор сўрови юборилди

01.08.2025 16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида электр таъминотидаги узилишлар кўпайиб, аҳоли турмуши, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Кўплаб фуқаролар ва тадбиркорлар 3–4 соатгача давом этадиган электр узилишлари ҳақида шикоят қилмоқда.

Svet

Бу ҳолат нафақат кундалик ҳаётга, балки транспорт ҳаракати ва йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Хусусан, светофорлар ишидаги узилишлар ҳаракатни тартибга солишда қийинчилик туғдирмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва савдо объектларида совутиш тизимларининг ишдан чиқиши катта молиявий зарарга олиб келаётгани, аҳоли хонадонларида маиший техника воситалари ишдан чиқиши кузатилмоқда.

Маълумот учун, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, электр энергияси истеъмолчилари сифатли ва барқарор электр таъминотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу қонуннинг 61-моддасида таъкидланишича, таъминотни тўхтатиш ёки чеклаш фақат фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилиши мумкин.

Шу муносабат билан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан вазият юзасидан тушунтириш бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов номига сенатор сўрови йўлланди.