Ўзбекистонда июл ойида нималарнинг нархи пасайиб, нималар қимматлашди?

17:40 | 7 дақиқада ўқилади.

Июл ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,2 фоизга арзонлашди. Ой давомида асосан мева-сабзавотлар нархлари тушган, бироқ турар-жой, сув, электр, газ ва ёнилғи нархлари 1,4 фоизга қимматлаши кузатилган.

Narx tushdi

Статистика қўмитасининг қайд қилишича, 2025-йил июл ойи якунларига кўра йиллик инфлация 8,9 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 фоизли бандга пасайди.

Мева-сабзавотларни ҳисобга олмаганда, йил бошидан буён инфляция кўрсаткичи 5,7 фоизга, умумий йиллик ҳисобда эса 10,2 фоизга етган.

Narx 01


Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар қандай?

Вилоятлар ичида энг юқори инфляция ойлик ҳисобда Сирдарёда (0,7 фоиз), йиллик ҳисобда Фарғонада (9,9 фоиз) кузатилган. Андижон, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида нархлар энг кўп (-0,4 фоиз) пасайган.

Narx 02

 

Истеъмол нархлари динамикаси

Июл ойида озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 1 фоизлик дефляция қайд этилди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,2 фоизга, хизматлар нархлари эса 0,9 фоизга ошди.

Йиллик ҳисобда эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 6,5 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлариники 7,1 фоизга, хизматлар нархи эса 16,3 фоизга ошди. Йиллик инфляция учун бу гуруҳдаги асосий инфляция омили коммунал хизматлар соҳасида тарифларни ошишининг юқори таъсири бўлмоқда.

Narx 03

«Ўзи бусиз ҳам юзаки статистика янада юзакилашган. Бор маълумотлардан «Янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган гўшт» гуруҳида нархлар 1,9%га, совуқ сув ва турар жойлар билан боғлиқ бошқа хизматлар 7,5%га қимматлаганини кўриш мумкин. Коммунал соҳада Республика ҳудудлари бўйлаб ошди-ошди давом этмоқда», деб иқтисодчи Отабек Бакиров ёзмоқда.

Йиллик ҳисобда эса турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғилар (16,7 фоиз), транспорт хизматлари (15,5 фоиз), таълим соҳасидаги хизматлар (13,9 фоиз), ресторан ва меҳмонхона хизматлари (12,9 фоиз) энг кўп қимматлади. Суғурталаш ва молиявий хизматлар нархида 0,4 фоиз — яъни энг паст ўсиш қайд этилди.

«Ҳисобот юзакилаштирилгани туфайли, Соғлиқни сақлаш бўлимида ўтирадиган дори-дармонлар қанчага қимматлаганини билмаймиз. Транспорт бўлими ичида ўтирадиган бензин ва пропан қанчага қимматлаганини билмаймиз. Маълумот учун биржа савдоларида июл ойининг 30 куни давомида бензин 11,6 фоизга, пропан 3,0 фоизга қимматлаган (иккинчи ой юқори даражада ошиш кузатилмоқда). Бу кетишда худди эски замонлардагидек «инфляция параметр кўрсаткичларидан ошмади» шаблони билан чеклана бошланади», дейди иқтисодчи Бакиров.

Июл ойида нархларнинг пасайиши асосан мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига кузатилди. Жумладан, мева ва ёнғоқлар нархи ўртача 9,1 фоиз, сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккаклилар эса 4,8 фоизга арзонлашди. Шунингдек, айрим озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам нархлар бироз тушди. Масалан, сут, сут маҳсулотлари ва тухум нархи 0,8 фоиз, дон ва дон маҳсулотлари эса 0,1 фоизга камайди.

Бироқ, юқорида таъкидланганидек гўшт маҳсулотлари бозорида нархлар ўсди — янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган гўшт нархи 1,9 фоизга кўтарилди.

Июл ойида совуқ сув ва турар жой билан боғлиқ хизматлар нархи ҳам ошиб, бу соҳада умумий инфляция даражаси 7,5 фоиз ни ташкил этди. 2025-йилнинг январ-июл ойларида инфляцияга энг катта таъсир турар жой, сув, электр, газ ва бошқа ёқилғи турлари, транспорт, маиший товарлар ва хизматларга кўрсатди. Умумий нархлар ўсишининг 78,3 фоизи айнан шу соҳалардаги нархларнинг кўтарилиши билан боғлиқ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1-августдан маош ва пенсиялар билан бирга тўловлар ва жарималар ҳам ошиши ҳақида маълумот берган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.