Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар қилинишича, Тошкент шаҳрига авиа йўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилмоқда. Лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди. Шаҳар ичида жойлашгани сабабли уни кенгайтириш имконсиз. Шу боис Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, йўл хўжалигини ривожлантириш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Муқобил автомагистраллар ва тезюрар йўллар лойиҳалари устида ишлар бошланган. Хусусан, Тошкент—Самарқанд йўналишида қурилиши режалаштирилаётган тезюрар йўл лойиҳасига қатор хорижий компаниялар қизиқиш билдирмоқда.
«Давлатимиз раҳбари ушбу стратегик инфратузилмаларни пухта ўйлаб лойиҳалаштириш ва тезроқ амалий босқичга ўтиш зарурлигини таъкидлади», дейилади хабарда.