Тошкент давлат тиббиёт университетининг халқаро факултетида ўқиётган Ҳиндистон фуқароси халқаро парвозда юз берган ҳолатда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, бир йўловчининг ҳаётини сақлаб қолди.
Тошкентдан Деҳлига учган самолётда 29 июл куни йўловчилардан бири — аёл киши — ўзини ёмон ҳис қилган. Унда юрак уришининг тезлашиши (тахикардия), безовталик ва умумий ҳолсизлик аломатлари кузатилган. Экипаж бортдаги йўловчилар орасида шифокор ёки тиббиёт ходими бор-ёқлигини сўраган.
Шунда Тошкентда ўқиётган ҳинд талабаси махсус ускуналарсиз аёлда тахикардия борлигини аниқлаган. У тезкор равишда уйқу артерияси орқали массаж қилган ва аёлнинг ҳолатини барқарорлаштирган.
Самолёт Деҳлига етиб келганида, бемор аёлни маҳаллий шифокорларга топширишган. Авиакомпания вакили талабага профессионал ёндашуви ва чаққонлиги учун миннатдорлик билдирган.