Тошкентда 2030 йилгача 20 млн йўловчига хизмат қиладиган янги аэропорт қурилади

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаев маълум қилишича, Тошкент вилоятида 2030 йилга қадар йиллик 20 млн йўловчига хизмат кўрсатадиган замонавий халқаро аэропорт қурилади. Лойиҳани 10 йилга кечиктириш мамлакат ЯИМига $8,6 млрд зарар етказиши мумкин.

Tashkent new airport

Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, хорижий тажрибага эга етакчи компаниялар жалб этилади. Янги аэропорт Тошкент халқаро аэропортидан 17 км узоқликда, пойтахтнинг жанубий қисмида, Тошкент–Самарқанд пулли йўли яқинида жойлашади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов таъкидлашича, виза режимининг енгиллашиши ва туристлар оқимининг ортиши авиапаркни кенгайтириш ҳамда ҳаво транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш заруратини кучайтирган. Жорий йилда Ўзбекистон аэропортларида йўловчи оқими ўтган йилга нисбатан 13 фоизга ошган. Мавжуд Тошкент аэропорти йиллик 11 млн йўловчига хизмат кўрсата олади, аммо 2030 йилга келиб унинг имкониятлари тўлиқ ишлатилиб бўлади.

Жавлонбек Умархўжаевнинг айтишича, янги аэропорт биринчи босқичда йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатиш, 169 та самолётни жойлаштириш ва соатига 40 дан ортиқ учиш-қўниш амалиётини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Илк босқичда 14 та йўловчи кўприги қурилиб, кейин уларнинг сони 45 тага етказилади.

Лойиҳани амалга ошириш кечикса, Ўзбекистон минтақавий авиация хабига айланиш имкониятини йўқотиши мумкин. Шу боис президент лойиҳани халқаро стандартлар асосида, тез ва сифатли амалга оширишни топширди.

Дастлабки баҳолашга кўра, қурилиш қиймати $1,5 млрд ни ташкил этади. 2025 йилда концепция ишлаб чиқилиб, хусусий шерик танланади, 2026 йил декабрига қадар эса давлат-хусусий шериклик битими имзоланиши режалаштирилган.