Британияда интернетдаги эркинлик тугади: энди ёш тасдиғи мажбурий бўлади

18:31 | 4 дақиқада ўқилади.

Интернетдаги эркин ҳаракатланиш даври тугаб, фойдаланувчининг ёшини тасдиқлаш даври бошланмоқда. Бу тизим Британияда амалга кирди ва бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрмоқда.

Age verification

2025 йил 25 июлдан бошлаб Буюк Британия «Онлайн хавфсизлик тўғрисидаги қонун» доирасида интернет платформаларида ёшни тасдиқлаш тизимини жорий этди. Энди Reddit, Discord, Spotify, Xbox ва бошқа платформада 18 ёшдан катталар учун мўлжалланган контентга кириш учун фойдаланувчи ўз ёшини расман исботлаши шарт.

Айрим платформалар бу талабга риоя этди, бошқалари эса хавф ва харажатларни баҳона қилиб Британия бозоридан чиқиб кетди. Фойдаланувчилар эса ёшни тасдиқлаш тизимини VPN ёки сохта маълумотлар билан айланиб ўтишга урина бошлади. Мутахассислар бу жараён бошқа давлатларда ҳам қайтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ёшни тасдиқлаш фақат Британияга хос эмас. АҚШ, ЕИ ва Австралия каби давлатлар ҳам болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш мақсадида шунга ўхшаш тизимлар устида ишламоқда. Ёшни текшириш учун фойдаланиладиган усуллар қаторида селфи, шахсий ҳужжат фотоси, кредит картаси маълумотлари ва аккаунтдаги фаоллик орқали тахминлар бор.

Бундан ташқари, Kids Web Services, Persona ва k-ID каби ташқи провайдерлар ёшни тасдиқлашда воситачи сифатида хизмат қилади. Бу эса фойдаланувчи маълумотларининг турли компаниялар қўлига тушиши ва махфийликни хавф остига қўйишига олиб келади. Масалан, Reddit платформасида Persona ёрдамида тасдиқланган маълумотлар 7 кун ичида ўчирилиши ваъда қилинса-да, бундай ваъдаларнинг ижросига қонун кафолати йўқ.

Айни пайтда Европа Иттифоқи расмий рақамли шахсни тасдиқлаш тизимини синашни бошлади. Унга кўра, фойдаланувчи паспорт ёки ID ҳужжатини фақат махсус платформанинг серверига юклайди ва вебсайт фақат «ёш тасдиғи»ни кўради. Google «нол билим исботи» (ZKP) технологиясини ишлаб чиққан ва Wallet дастурига жорий қилган — бу технология орқали фақат 18 ёшга етганлик тасдиқланади, лекин туғилган сана ошкор этилмайди.

Аммо бу тизимлар махфийликни таъминлаш ўрнига, давлат назорати ва сензура хавфини ошириши мумкин. Электрон эркинлик ташкилоти EFF муҳандиси Алексис Ҳэнкокнинг фикрича, «дўконда ID кўрсатиш билан интернетда маълумот юбориш ўртасида катта фарқ бор — давлат ҳар бир ҳаракатни кузатиши мумкин».