Лос-Анжелесда ҳаво киракашлари иш бошлаши мумкин

09:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2028 йилда Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари давомида томошабинлар шаҳарнинг машҳур тирбандлигидан қочиш учун ҳаво таксилари хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Archer aviation

LA28 ташкиий қўмитаси Archer Aviation компанияси билан ҳамкорликда ушбу хизматни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Archer Aviation компанияси ўзининг Midnight деб номланган электр вертикал учиш ва қўниш (eVTOL) самолётини ишга туширишни мўлжалламоқда. Бу учоқ 4 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган бўлиб, вертолётга ўхшаб тик учади ва қўнади. Ҳар бир парвоз 10–20 дақиқа давом этади ва Олимпия объектлари орасида ҳаракатланишни таъминлайди.

Учоқлар ҳали АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) томонидан тўлиқ сертификатланмаган. Archer Aviation раҳбари Адам Голдштейн 2025 йил охиригача зарур рухсатномаларни олишга умид қилмоқда. Унинг таъкидлашича, ҳаво такси нархлари юқори даражали Uber хизматлари билан таққосланадиган бўлади.

Midnight учоғи 12 та двигател ва пропеллерга эга бўлиб, анъанавий вертолётларга нисбатан камроқ шовқин ва чиқинди чиқаради. Archer компанияси Boeing ва United Airlines томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Лос Анжелес 1984 ва 1932 йилларда ҳам Олимпия ўйинларини қабул қилган. 2028 йилдаги ўйинлар давомида шаҳарда автомобиллар ҳаракати чекланиши кутилмоқда, бу эса ҳаво таксиларига бўлган эҳтиёжни янада оширади.