“Толибон” ҳукуматининг саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуруддин Азизийга кўра, келишувлар икки давлат ўртасидаги савдо ва инвестиция ҳажмини оширишга хизмат қилади. У Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажмини 3 млрд долларга етказиш режаси борлигини айтди.
Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ойбек Усмонов ҳам икки томонлама савдо алоқаларини кенгайтириш ниятида эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, 2025 йил давомида Кобул ва Тошкент ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошган. Жорий йилнинг биринчи ярмида Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти 300 фоизга кўпайган. Усмоновнинг айтишича, яқин йилларда савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказишга тайёрлик бор.
Учрашув якунида икки давлат тадбиркорлари қатор масалаларга эътибор қаратди. Улар орасида:
– визалар бериш тартибини соддалаштириш,
– имтиёзли тарифлар жорий этиш,
– инвесторлар учун қўллаб-қувватловчи инфратузилма яратиш,
– шартномалар ижросини таъминлаш
– Кобул ва Тошкент ўртасида қўшма савдо палаталарини ташкил этиш каби таклифлар бор.
Мутасаддиларнинг фикрича, бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакат иқтисодиётига, балки бутун Марказий Осиё минтақаси савдо алоқаларига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.