Ҳужжат билан давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда давлат харидлари электрон тизимини ташкил этиш тартиби, харид субъектларини тизимда рўйхатдан ўтказиш қоидалари ҳамда операторлар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва дастлабки мониторингни амалга ошириш чоралари белгиланди.
Қарорга кўра, 2025 йил 15 августдан эътиборан тендер ва танлов натижалари асосида шартномалар электрон тизимда автоматик тарзда шакллантирилади. Жисмоний шахслар билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бундан мустасно. Шунингдек, давлат харидларида қўлда ёзиладиган шартномалар электрон рақамли имзо орқали электрон шаклда тузилади. Хорижий етказиб берувчилар билан шартномалар эса бу талабдан мустасно бўлади.
Шу билан бирга, махсус ахборот порталида давлат харидлари бўйича изоҳлар, таклифлар ва шикоятларни қолдириш имкони яратилади. Жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган баённомалар ва шартномалар бўйича келиб тушган эътирозларни кўриб чиқиш натижалари давлат харидлари соҳасида назорат қилувчи органлар учун шахсий кабинетларда акс эттирилади.
Қарорда давлат харидлари ҳажмини сунъий равишда қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.