Афғонистонда 10 млрд долларлик энергия лойиҳаси: толиблар тарихий шартнома имзолади

13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Афғонистон ислом амирлиги ўз тарихидаги энг йирик инвестиция келишувларидан бирига имзо чекди — маҳаллий инвестор Мирвайс Азизийнинг Azizi Energy компанияси билан умумий қиймати 10 млрд долларга тенг шартнома имзоланди.

Tolibon

Таъкидланишича, ушбу инвестиция орқали мамлакат бўйлаб газ, кўмир, сув, шамол ва қуёш манбалари ёрдамида умумий 10 минг мегаватт (MW) электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унинг 4 минг MW қисми аҳоли эҳтиёжларини қондиришга, қолган 6 минг MW эса саноат корхоналари учун ажратилади.

Энергия ва сув вазирлиги билан Azizi Energy ўртасидаги бу келишув мамлакатдаги энергетика инфратузилмасини тубдан қайта қуришни назарда тутади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 мингга яқин иш ўрни яратилиши ва 7–10 йил ичида Афғонистон тўлиқ энергия мустақиллигига эришиши кутилмоқда. Шу билан бирга, мамлакат экспортбоп энергия ишлаб чиқариш имкониятига ҳам эга бўлади.

Ислом Амирлиги ҳукумати расмийлари, жумладан Бош вазир ўринбосари Мулло Бародар Охунд, имзо маросимида иштирок этди. Azizi Energy раҳбари Мирвайс Азизийнинг таъкидлашича, лойиҳанинг амалий ишлари аллақачон тайёр ва унга эртагаёқ старт берилади. Унинг сўзларига кўра, компания Ислом Амирлиги билан тўлиқ ҳамкорлик ва қатъий бағишланиш асосида фаолият юритмоқда.

Бу шартнома Афғонистон ҳукумати томонидан сўнгги йилларда эълон қилинган энг катта хусусий инвестиция лойиҳаси сифатида қайд этилди. Мутахассислар фикрича, лойиҳа нафақат энергетика соҳасини, балки бутун иқтисодиётни жонлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.