Vaqt.uz нашри «Молиявий саводхонлик» рукни доирасида молиявий пирамидалар ҳақида сўз юритади. Унда бу тизимнинг ишлаш механизми, Ўзбекистонда кузатилган воқеалар мисолида таҳлил ва улардан ҳимояланиш йўллари ёритилади.
Молиявий пирамида нима?
Молиявий пирамида — бу ясама инвестиция схемаси бўлиб, унда энг дастлаб тизимга кирганларга кейинроқ кирганларнинг пули ҳисобига фойда тўланади. Яъни, реал бизнес, маҳсулот ёки хизмат йўқ. Тизим тўлиқ янги одамлар келтириш ва улардан пул олишга асосланади. Бу жараён бир муддат ишлаётгандек кўринса-да, охир-оқибатда янги одамлар оқими тўхтайди ва пирамида қулаши бошланади. Натижада, энг охирги бўлиб кирганлар пулидан буткул айрилади.
Тизим қандай ишлайди?
Молиявий пирамидаларнинг бир неча асосий белгиси мавжуд: ҳаддан ташқари юқори даромад ваъдаси (масалан, ойига 20–30 фоиз), «ҳеч нарса қилмасдан пул ишлаш» ғояси, реал маҳсулот ёки хизматнинг йўқлиги, ҳамда доимий равишда янги аъзолар жалб қилиш талаби. Энг ёмони шундаки, ушбу схемалар кўпинча «молиявий саводхонлик» паст бўлган аҳолига қаратилади. Осон бойликка ишонувчанлик ва ишсизлик фонида кўпчилик бундай схемаларга чалиниб қолмоқда.
Молиявий пирамидаларнинг даражалари: ким ютади, ким ютқазади?
- Юқори даража — ташкилотчилар
Бу гуруҳ пирамиданинг «бошида» турганлар. Улар тизимни ўйлаб топади, уни ташкиллаштиради ва бошқаларнинг ишончига кириш учун чиройли гаплар билан тарғибот қилади. Улар энг кўп фойда кўрадиган қатлам бўлиб, янги кирган ҳар бир иштирокчининг пули тўғридан тўғри уларга боради. Улар одатда тизим қуламасидан олдин ғойиб бўлишади.
- Ўрта даража — илк иштирокчилар
Бу гуруҳ тизимга эрта қўшилган, ташкилотчиларга ишониб кирган ва улар ёрдамида бир неча одамни жалб қилган бўлади. Дастлаб улар ҳам фойда кўриши мумкин, чунки уларга янги кирганларнинг ҳисобидан пул берилади. Лекин бу фойда узоққа бормайди — у вақтинчалик бўлади.
- Пастки даража — янги иштирокчилар
Пирамиданинг энг катта ва энг кўп зарар кўрадиган қатлами айнан шу даражада жойлашган. Улар тизим қулашига яқин пайтда киради, пул тикади, аммо ҳеч қандай фойда кўрмасдан, ўз сармоясини йўқотади. Бу қатлам одатда юзлаб, ҳатто минглаб одамлардан иборат бўлади.
- Тузоқда қолганлар — одам топа олмаганлар
Баъзан одамлар пирамидага киради-ю, бошқаларга бу схемани таклиф қилишдан уялади ёки одам топа олмайди. Улар ўз пулини тизимга тикади, лекин қайтара олмайди. Улар ҳам пастки қатламга киради ва аксарият ҳолларда асосий қурбонлар бўлади.
Ўзбекистондаги катта молиявий пирамида ҳолатлари
Сармоя киритиш деганда ҳар ким ҳар хил йўлни танлайди: кимдир ҳали қурилиши тугамаган уй-жойларга маблағ тикиб, кейин уни ижарага бериш ёки сотиш орқали фойда олишга ҳаракат қилади; бошқалар эса қимматбаҳо сумкалар, биткойнлар ёки бошқа активларни харид қилиб, даромад кутди. Айримлар эса банкда омонат очади ёки пулини ишончли деб билган шахсларга фоиз эвазига қарз беради.
Аммо бу жараёнда баъзилар фирибгарлик қурбонига айланади. 2016 йилда кенг жамоатчилик эътиборини тортган «Аҳмадбой иши» бунга ёрқин мисол бўла олади. Тошкент вилоятида Аҳмадбой Турсунбоев раҳбарлигида ташкил этилган жиноий гуруҳ ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланган. У фуқаролардан миллий ва хорижий валютда катта миқдорда омонатларни ноқонуний равишда йиғиб, ҳар йили 100 фоиз даромад ваъда қилган. Шунингдек, чет эл валютасини ойига 40 фоиз ставка билан қарзга берган.
Натижада, 2016 йил ёзида Аҳмад Турсунбоев ва унинг шериклари фирибгарликда айбланиб қўлга олинган. Расмий маълумотларга кўра, молиявий пирамида фаолияти натижасида 11 минг 925 киши жабрланган, умумий зарар эса 35 миллион АҚШ долларига тенг бўлган. Суд ҳукми билан Турсунбоев 14 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Кейинги йилларда яна бир қанча шубҳали молиявий схемалар фош этилган. Жумладан, «Golden Cash Store» компанияси аҳолидан омонат қабул қилиб, йиллик 262 фоизгача даромад таклиф қилган. Ҳафталик 2−3 фоиз, ойлик 40 фоиз, йиллик эса рекорд даражадаги фоизлар ваъда қилинган бу тизимда пуллар пластик карталарга ўтказилиши белгиланган.
2022 йил январ ойига келиб компаниянинг ноқонуний фаолияти очилганида, бир неча минг фуқаро жабрлангани, айримлар ҳатто уйларини сотиб, минглаб доллар сармоя киритгани маълум бўлган. Айрим фуқаролар ташкилотчиларга 100 доллардан 10 минг долларгача бўлган олтин-кумуш буюмлар ва бошқа мол-мулклар топширгани аниқланган.
Фирибгарлар кўплаб ҳудудларда фаол бўлган — Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон вилоятларида ва ҳатто қўшни МДҲ давлатларида ҳам.
Сўнгги йилларда молиявий пирамида схемалари интернет орқали ҳам кенг тарқалмоқда. Масалан, 2022 йил март ойида ижтимоий тармоқларда «Gift Of Legacy» (GAP) деб номланган интернет ўйини пайдо бўлди. Бу «ўйин»да иштирокчилар аввал маълум миқдорда пул киритади, сўнгра бошқа 8 кишини жалб қилиши керак бўлади. Ваъда қилинганидек, иштирокчи ўз сармоясини 7−8 баробар кўпайтириб қайтариб олади. Аммо охир-оқибат бу тизим ҳам барбод бўлган.
Молиявий саводхонлик даражасининг пастлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларда машҳурлик орттирган инфлюенсер, блогер ва вайнерларнинг рекламалари орқали бундай схемалар оммавийлашмоқда. Фирибгарлар айнан молиявий билимга эга бўлмаган одамларни нишонга олади.
Қандай ҳимояланиш мумкин?
- Осон ва тез бойлик ваъдасига ишонманг. Агар кимдир сизга «ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан катта даромад топасиз» деса — бу жуда катта огоҳлантирувчи сигнал. Ҳақиқий инвестициялар доим хавф ва меҳнат талаб қилади.
- Ташкилотнинг расмийлигини текширинг. Сизга инвестиция таклиф қилаётган компаниянинг лицензияси, рўйхатдан ўтган манзили ва фаолиятини текширинг. Молия вазирлиги ёки Ўзбекистондаги молиявий регуляторлар сайтларида рўйхатга олинганми, аниқланг.
- Реал маҳсулот ёки хизмат борми, аниқланг. Агар пул фақат янги одам жалб қилиш ҳисобига айлантирилаётган бўлса, бу пирамида схемасидир. Яхши компанияда реал маҳсулот, хизмат ёки ишлаб чиқариш бўлади.
- «Пул олиб кел, дўстларингни ҳам таклиф қил» тизимига шубҳа билан қаранг. Пирамидалар одатда «сиз одам олиб келсангиз, фоиз оласиз» деган тамойилда ишлайди. Ҳақиқий инвестицияда эса сиз одам эмас, ғоя ёки лойиҳа асосида даромад оласиз.
- Яқинларингизни огоҳлантиринг. Агар сизга шубҳали тизим таклиф қилинса — ўзингиз кирманг ва бошқаларни ҳам огоҳлантиринг. Айниқса, қариндош, дўстлар ёки ижтимоий тармоқларда ишонувчан одамлар кўп.
- Пул тикишдан олдин маслаҳат олинг. Инвестиция қилишдан олдин тажрибали иқтисодчи, юридик маслаҳатчи ёки банк ходимидан маслаҳат олинг. Кўпинча битта савол билан бутун сармоянгизни сақлаб қолишингиз мумкин.
Молиявий пирамида кўринишидан «тенг имкониятлар майдони» бўлиб кўринса-да, амалда у фақат юқоридаги оз сонли инсонлар фойдасига ишлайди. Даражалар ортган сари хатар ҳам, йўқотиш эҳтимоли ҳам кучаяди. Бу тизимда энг охирида турганлар доимо ютқазади — улар кўп, лекин энг ҳимоясиз қатламдир. Энг асосийси — агар сиз шу ишга аралашиб, бошқаларни ҳам чорлаган бўлсангиз, сизга ишониб пул тикканлар албатта сизнинг ёқангиздан олишади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.