Европа Иттифоқи Россияга нисбатан тўрт режимда санкция жорий қилади

10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Россияга қарши тарихдаги энг йирик санкциялар тўпламини тайёрламоқда. 20 май куни ЕИ Ташқи ишлар кенгаши тўрт хил режимда 130 дан ортиқ санкцияни тасдиқлаши кутилмоқда.

Ursulaytir

Европа Иттифоқи Россияга қарши бир вақтда тўртта алоҳида санкция режимини қўллашни режалаштирмоқда: Украинадаги уруш, инсон ҳуқуқлари бузилиши, гибрид уруш ва кимёвий қуроллардан фойдаланиш. Бу ҳақда 16 май куни Брюсселдаги брифингда ЕИнинг юқори мартабали расмийси маълум қилди.

Санкцияларнинг 17-пакети доирасида Украинадаги агрессия учун Россияга нисбатан яна 75 шахс ва 200 та «хуфёна флот»га тегишли кемалар санкция рўйхатига қўшилади. Умумий рўйхатдаги жисмоний ва юридик шахслар сони 2500 тадан, кемалар эса 300 тадан ошиб кетади.

Гибрид фаолиятга қарши санкциялар доирасида 27 шахс ва компанияга нисбатан алоҳида чекловлар ҳамда тармоқли чоралар кўзда тутилган.

Инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун жорий этиладиган глобал санкциялар рўйхатига яна 28 шахс ва ташкилот қўшилади. Шунингдек, ЕИ Россиянинг Украинада оммавий норозиликларни бостириш учун кимёвий моддалардан фойдаланиши муносабати билан алоҳида санкциялар қўллашни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, санкцияларнинг 18-тўплами ҳам тайёрланмоқда. Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга кўра, унда «Шимолий оқим» газ қувурлари, хуфёна флот кемалари, нефт нархига ўрнатилган чегара ва молия секторини қамраб олувчи янги чекловлар бўлади.