Республика тез тиббий ёрдам маркази маълумотича, йўлга қўйилган лойиҳа орқали фуқаролар чақирувга келаётган тез ёрдам бригадасининг ҳаракатини харитада кўра олади. Шунингдек, улар тахминий етиб келиш вақти ҳақидаги маълумотни ҳам реал вақт режимида олишлари мумкин.
Лойиҳа Yandex Uzbekistan’нинг технологик ечими ёрдамида амалга оширилди. Ҳозирча тез ёрдам ҳаракатини браузер орқали харитада кузатиш мумкин, яқин келажакда эса Yandex Go иловасида ҳам ушбу имконият яратилади.
Тез ёрдам чақирилгандан сўнг, тизим автоматик тарзда харитага олиб борувчи ҳавола билан SMS хабар юборишни бошлайди. Кейинги босқичда эса фойдаланувчилар Yandex Go орқали бригаданинг жойлашуви ва етиб келиш вақти ҳақида push-хабарнома олиш имкониятига эга бўлади.
Марказ вакилларининг айтишича, лойиҳа тез ёрдам хизматлари ишини ошкора қилиш ва диспетчерлар юкини камайтиришга қаратилган. Ҳозирда мамлакат бўйлаб диспетчерлар кунига ўртача 40 минггача қўнғироқ қабул қилади, уларнинг тахминан 60 фоизи шошилинч чақирувлардир.
Марказ директори Абдувоитжон Ғафуров таъкидлашича, рақамли ечимлар аҳолига қулайлик яратиб, тез ёрдам хизматини самаралироқ қилишга ёрдам беради. Лойиҳа ҳозирча фақат Тошкентда амал қилмоқда, аммо келгусида уни республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш режалаштирилган.