Мақсадли кўрсаткичларга биноан, 1,1 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Бу маблағлар замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига йўналтирилиб, 5,1 мингта доимий иш ўринлари яратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Лойиҳа доирасида Нуробод тумани Сазағон массивидаги 115,3 гектар бўш ер участкаси «Ургут» эркин иқтисодий зонаси таркибидан чиқарилиб, янги саноат зонаси учун ажратилади. Махсус саноат зонаси инфратузилмасини ривожлантириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш ва бошқариш вазифаси хорижий капитал иштирокидаги «New Vision Investment Development» МЧЖга юклатилган.
Янги зонада ишлаб чиқариш бинолари 3–4 қаватли қилиб барпо этилади. Бу ерда турли тармоқларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши, маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Нуробод тумани ва Самарқанд вилоятида саноат салоҳияти ошиши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда иқтисодий фаоллик сезиларли даражада кучайиши кутилмоқда.