The Moscow Times нашрининг ёзишича, Россия иқтисодиёти 2025 йилни кучли секинлашиш билан бошлади. 2024 йилнинг охирги чорагида 4,4 фоизга ўсган иқтисодиёт янги йилда фақат 1,4 фоизга ўсишга эришган. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ва мустақил таҳлилчилар бу рақамлардан яхшироқ натижалар кутаётган эди.
Иқтисодиёт барча соҳаларда сустлашмоқда: саноатдаги ўсиш 5,7 фоиздан 1,1 фоизга тушган, чакана савдода ҳам суръат пасайган, улгуржи савдо эса қисқаришни бошлаган. Темир йўл юк ташиш ҳажми апрелда 10 фоизга тушиб кетди. Бу омиллар иккинчи чоракда техник рецессия эҳтимолини кучайтирмоқда.
Шу билан бирга, Россия нефти (Urals) нархи режалаштирилган 70 доллар ўрнига апрелда баррелига 54, майга келиб эса 50 долларга тушди. Бу бюджетнинг нефт-газ даромадларига салбий таъсир кўрсатди — ушбу даромадлар 10 фоизга камайди ва бюджет тақчиллиги 3 бараварга кўпайди.
Иқтисодиётдаги пасайишга омиллар сифатида Россия марказий банкининг қаттиқ пул-кредит сиёсати, санкциялар, импорт муаммолари ва юқори инфляция келтириб ўтилмоқда.
Ажабланарлиси, мутахассислар фикрича, агар Украина билан тинчлик келишуви имзоланса ҳам, иқтисодга янада кучли зарба берилиши мумкин. Чунки 2024 йилдаги ўсишнинг тахминан 40 фоизини давлатнинг ҳарбий харажатлари таъминлаган. Уларнинг қисқариши ишсизлик ва ижтимоий норозиликка олиб келиши мумкин.
Шу боис таҳлилчилар Путин ҳатто тинчлик шароитида ҳам мудофаа харажатларини юқори даражада сақлашга мажбур бўлишини тахмин қилмоқда.