2025 йил июль ойида Бразилияда бўлиб ўтган 17-BRICS саммитида Ўзбекистон Қозоғистон, Нигерия ва Малайзия каби давлатлар қаторида расмий ҳамкор давлат мақомини олди. Бу қарор, албатта, мамлакатнинг амалий ва мувозанатли ташқи сиёсат стратегиясидаги муҳим босқич бўлди.
Бунга бир ой аввал, 2025 йил июн ойида Ўзбекистоннинг BRICS Янги Тараққиёт Банкига (NDB) аъзолиги асос бўлди.
Натижада, мамлакат суғориш тизимларини модернизация қилиш, кончилик соҳасини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида таълим соҳасини ривожлантириш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун 5 млрд долларлик инвестицион пакетга йўл очди. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам BRICS Янги Тараққиёт Банкида, ҳам BRICS ҳамкор мамлакатлари доирасида иштирок этаётган Марказий Осиёдаги ягона давлати бўлиб қолмоқда.
Бу масаланинг таҳлил қиладиган жиҳатлари кўп. Биринчиси, бу ташкилотнинг асосий қадрияти кўп қутбли дунё сари ҳаракат ва АҚШ, хусусан, доллар гегемониясига қарши алянсни яратиш. Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерик экан, унга қарши кайфият устун бўлган ташкилот билан ҳамкорлик қилиши қанчалик тўғри?
Алоқалар мафкурадан холи
Сиёсий таҳлилчи Аълоуддин Комиловнинг фикрича, «Тошкентнинг BRICS билан алоқалари мафкуравий асосга қурилмаган. Ҳамкор мақоми Ўзбекистонга юқори даражадаги саммитлар ва техник мувофиқлаштириш жараёнларида қатнашиш имконини беради, бироқ тўлиқ аъзолик билан боғлиқ геосиёсий зиддиятлардан четда қолишга ёрдам беради. Бу Ғарб билан ҳамкорликдан воз кечиш эмас — бу Ўзбекистоннинг кенг қамровли ташқи сиёсат доктринасининг пухта ҳисоб-китобга асосланган давомидир: ривожланиш учун молиявий манбаларни диверсификация қилиш, дипломатик алоқаларни кенгайтириш ва иқтисодий таъсир имкониятларини максимал даражада ошириш, шу билан бирга стратегик мустақилликни сақлаб қолиш.
Баъзи пойтахтларда кузатилаётган манфаатга асосланган иттифоқлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг ёндашуви анча кенг қамровли ва узоқни кўзлайди: АҚШ билан (C5+1 платформаси орқали) ҳамкорлик, Бутунжаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокаралар, Европа Иттифоқи билан инвестиция битимлари, Хитой, Форс кўрфази давлатлари, Жанубий Корея ва эндиликда BRICS билан алоқаларнинг чуқурлашуви — буларнинг барчаси Тошкентнинг кўпвекторли, мувозанатли ташқи сиёсат юритаётганини тасдиқлайди. Бу аниқ сигнал: Ўзбекистон иттифоқ тузмаяпти — у ҳамкорлик қилмоқда».
Аъзолик нимаю, ҳамкорлик нима?
Марказий Осиё университетининг халқаро савдо бўйича эксперти Валижон Тўрақулов Ўзбекистоннинг BRICS билан ҳамкорлигини иқтисодий имконият сифатида талқин қилиб, аъзолик ва ҳамкорлик тушунчаларининг бир-биридан фарқига эътибор қаратди:
«Ҳамкор бўлиш – ташкилотни ташқаридан кузатиш ва керак бўлса, муҳим қарорларни қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига ҳам эга бўлиш дегани. Аъзолик эса BRICSʼнинг қонун-қоидалари, шартномаларида белгиланган нормаларни тўлиқ қабул қилиш дегани.
Лекин ҳамкорлик ҳам тўсатдан пайдо бўлди. Беларус, Қозоғистон ва Ўзбекистонни тушунса бўлади, Россия босими ортидан улар ҳамкор бўлаётгандир. Лекин Индонезия ва Малайзия каби катта иқтисодлар ҳам бор. АҚШ дунёдаги гегемониясини йўқотиш остонасида турибди, шунинг учун Вашингтон агрессив ҳаракат қилмоқда.
Трамп BRICS долларга қарши валюта чиқарса ва SWIFT тўлов тизимига параллел платформа яратса, аъзоларга 100 фоизли тариф эълон қилишини айтган. Яъни Вашингтон бу тузилмага агрессив қарар экан, Ўзбекистон ҳам ҳамкор бўлса, шу ташкилот томонида бўлиб кўринади. Бу эса ЖСТга аъзолик масаласини яна кечиктириши мумкин», деди Валижон Тўрақулов.
Чиндан ҳам, BRICS билан ҳамкорлик ЖСТга аъзоликка соя соладими?
Молия эксперти Тамилла Қурбонова фикрича, BRICS ва ЖСТ икки хил ташкилот. BRICS ўзининг иқтисодий приоритетларидан ошиб ўтиб, геосиёсий ташкилотга айланди. Асосий мақсад ғарбга қарши коалицияни яратиш бўлмоқда.
«Украинага қарши очилган урушдан кейин санкциялар остида қолиб кетган Россия ғарбга қарши алянс тузишга интилмоқда. Ўзбекистоннинг BRICSʼга кириши ёмон эмас, лекин аъзоликнинг энг қуйи поғонасида турса, яхшироқ. Чунки бу ташкилотдагилар билан икки томонлама келишув ва ҳужжатлар аллақачон бор. Бу жуда нозик масала, Ўзбекистон мувозанатли дипломатияни олиб бориши керак. Агар BRICSʼга яқинлашиб кетсак, ғарбнинг кўзига яна Россия томонда бўлиб кўринамиз», – Тамилла Қурбонова.
Ўзбекистон эҳтиёткор сиёсатини давом эттириши керак
Сиёсий таҳлилчи Алоуддин Комилов масаланинг сиёсий жиҳатларига тўхталди:
«Тошкент учун эса энг муҳим вазифа — ўзининг бетараф позициясини сақлаган ҳолда, бу ёндашув беқарорлик ёки ноаниқлик сифатида талқин қилинмаслигини таъминлашдир. Бунинг учун фаол ва очиқ коммуникация зарур: яъни BRICS ва бошқа ривожланаётган институтлар билан ҳамкорлик миллий ривожланиш эҳтиёжлари билан боғлиқ экани, ҳеч қандай блок сиёсатига асосланмагани аниқ кўрсатилиши керак.
Бундан ташқари, шаффофликни таъминлаш, халқаро стандартларга — масалан, ESG мезонлари, қонун устуворлиги ва инвестор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — риоя қилиш, ислоҳотларни изчил давом эттириш Ўзбекистонни обрўга путур етказувчи хавфлардан ҳимоя қилади ва унинг стратегик мустақиллигини мустаҳкамлайди.
Агар Ўзбекистон ўз ҳамкорликларини қарама-қарши блоклар ўртасидаги рақобат эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ва ўзаро мустаҳкамловчи ёндашув сифатида кўрсата олса, у ҳолда геосиёсий нотўғри талқинлардан четлаб ўтиб, пухта ишлаб чиқилган маневр эркинлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлади.
Энди дунё анъанавий, қатъий иттифоқлар билан эмас, балки ўзгарувчан ўзаро боғлиқлик ва мураккаб дипломатик маневрлар билан белгиланаётган бир даврда, Ўзбекистон кичик ва ўрта ҳажмдаги давлатлар қандай қилиб эпчиллик, мақсадга йўналтирилганлик ва стратегик мустақиллик билан ҳаракат қилиши мумкинлигини кўрсатадиган намунавий моделга айланмоқда. Жануби-Шарқий Осиё, Кавказ ёки Шарқий Африкада бўладими — кўплаб давлатлар бугун ҳамкорликларни диверсификация қилиш, барқарорликни мустаҳкамлаш ва суверенитетини ҳимоя қилиш йўлларини изламоқда, шу билан бирга геосиёсий ўйинларда қуролга айланиб қолмасликка ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон эса рақобатбардош қутблар ўртасида синчиклаб мувофиқлаштирилган ҳамкорлик орқали шуни исботламоқда: бундай ёндашув нафақат мумкин, балки зарур », деди Комилов.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.