«Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот котиби Акмал Муродовнинг айтишича, Тошкентда ҳар бир киши кунига ўртача 230–270 литр ичимлик суви ишлатади. Бу кўрсаткич республика бўйича энг юқори ҳисобланади. Энг паст сарф Қашқадарё вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда ҳар бир киши кунига 80–100 литр сувдан фойдаланади. Жаҳон стандартларига кўра, 120–150 литр сув сарфи ҳам юқори, деб баҳоланади.
Муродовга кўра, кўплаб ривожланган давлатларда сув сарфи миқдори паст кўринади, аммо бу уларнинг сувдан кам фойдаланишини англатмайди. Аксинча, улар сувни тежаб ва мақсадли ишлатади. Ўзбекистонда эса кўп ҳолларда ичимлик суви транспорт ювиш, бассейн тўлдириш ёки маиший эҳтиёжларда ортиқча сарфланади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, мамлакат сув захираларининг фақат 20 фоизи ўз ҳудудида шаклланади, қолгани эса қўшни давлатлардан келади. Шу боис сувдан нотўғри фойдаланиш катта хавф туғдиради. 2030 йилга келиб, Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув танқислиги юзага келиши мумкин.
Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мавжуд сув инфратузилмаси объектларининг кўпчилиги 30–40 йил олдин қурилган ва ҳозирда таъмирга муҳтож. Сувни тежаш бўйича лойиҳалар учун камида 19 млрд доллар маблағ талаб этилади. Бунинг 4 млрд доллари насос станцияларини янгилашга, қолган қисми эса сув тежовчи технологияларни жорий этишга сарфланиши режалаштирилган.
Жаҳон метеорология ташкилоти ва БМТ ҳисоботларига кўра, 2050 йилга бориб 5 миллиарддан ортиқ киши турли даражада сув танқислигидан жабр кўради, ҳозирнинг ўзида эса 2,4 миллиард киши сув етишмовчилиги шароитида яшамоқда.