Тошкент вилояти ҳокимлиги Sea Breeze Uzbekistan курортининг Чорвоқда қурилиши бўйича расмий баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, Бўстонлиқ тумани мамлакатдаги энг муҳим туристик ҳудудлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда мазкур туманни 12 миллиондан зиёд сайёҳлар зиёрат қилган, уларнинг қарийб 300 минг нафари хорижий фуқаролар бўлган. Бу кўрсаткичлар ҳудуд инфратузилмаси имкониятларидан тўрт баробар ортиқ экани қайд этилган.
Ҳокимиятга кўра, ўтган йили Бўстонлиқда туризм экспорти $325 млнни ташкил этган. Бу йилнинг ўзида туманга 230 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Янги туристик мега-лойиҳа орқали бу сумма 500 миллион долларгача оширилиши режалаштирилган.
Баёнотда лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши, хорижий туристлар сони йиллик 5 миллионгача етиши ва экспорт салоҳияти сезиларли даражада ортиши маълум қилинган.
Шунингдек, ҳокимият лойиҳа атрофидаги экологик, қурилиш, кадастр ва санитария талабларига қатъий амал қилинишини ва мониторинг очиқ ўтказилишини кафолатлаган. Ер участкаларини ажратиш, ижарага бериш ва мулк ҳуқуқларини тан олиш масалаларида фуқароларга қонуний компенсациялар тўланиши таъкидланган.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги республиканинг амалдаги қонунчилигини бузишга, атроф-муҳитга ёки жамоат манфаатларига ҳар қандай зарар етказишга уринганларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини таъкидлаган.