Женнифер Лопеснинг Қозоғистондаги концерти: хонанданинг либоси муҳокамалар марказида

23:45 | 6 дақиқада ўқилади.

Женнифер Лопеснинг Қозоғистонга ташрифи ва саҳна либослари кенг жамоатчилик орасида турли муносабатларга сабаб бўлди – баъзилар бу ҳолатни ҳайрат билан қарши олган бўлса, баъзилар хонандани кескин танқид қилди.

Jlo astana

Остона шаҳар кенгаши депутати Сауле Самидин америкалик поп-юлдуз Женнифер Лопеснинг Қозоғистонда ўтказган концертидаги очиқ саҳна либослари ҳақида фикр билдирди. У Threadsдаги постида Ж.Ло либосларини менталитетга мос эмас деб баҳолади.

«Кўпчилик саҳна костюмларининг очиқлигига эътибор берди. Қизим ҳам Лопес БААда маҳаллий маданиятга ҳурмат сақлаган ҳолжа ёпиқроқ либосда чиққанини айтди. Албатта, биз Амирликлар эмасмиз, лекин бизда ҳам ўз менталитетимиз бор. Эҳтимол, айрим образлар маҳаллий аудиторияга мослаштирилиши мумкин эди» , — деб ёзди депутат.

Самидиннинг бу фикри ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар депутат санъаткор либослари билан эмас, балки мамлакатдаги долзарб муаммолар билан шуғулланиши кераклигини таъкидлади.

«Сиз 2023 йилдан бери кенгаш раисисиз. Нега хотин-қизлар ҳуқуқи, фирибгарлик, коррупция, инфратузилма муаммолари билан эмас, саҳна костюмлари билан бандсиз?»  — деб ёзди фойдаланувчилардан бири.

Бошқалар эса Остонадаги ҳал этилмаган муаммоларни эслатишди: давлат боғчаларининг етишмаслиги, йўл-таъмиридаги коррупция ва ҳоказо.

Айни пайтда, кўпчилик фойдаланувчилар Женнифер Лопесни ҳимоя қилди. Уларнинг фикрича, саҳна образлари – бу санъаткорнинг услуби ва саҳна санъати учун мос, мотивацион кўринишдир.

«Ж.Ло либослари чиройли ва саҳнага мос. У меҳнат, гўзаллик ва эркинлик тимсоли. Кимга ёқмаса – концертга бормасин » ,— дея таъкидлади изоҳловчилардан бири.

Женнифер Лопеснинг концерти ўтган жума куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Унга Қозоғистон, Россия, Конго ва бошқа мамлакатлардан минглаб мухлислар ташриф буюрди. Санъаткор ва унинг жамоаси Қозоғистондаги меҳмондўстликдан ҳайратда қолганини ижтимоий тармоқларда ёзди.

Энг эътиборли воқеалардан бири – Остона шаҳридаги концерт пайтида Женнифер Лопесга қозоғистонлик тадбиркор Динмуҳаммад Сиздиқов томонидан совға қилинган миллий қозоқ камзулини кийиб чиқиши бўлди.

Бу ҳолат кўплаб мухлислар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Улар камзулнинг чиройлилиги ва миллий урф-одатларга ҳурмат ифодасини алоҳида таъкидладилар. Камзул кийган суратлари интернетда тез тарқалди, кўплаб лайклар ва ижобий фикрлар йиғди. Совғанинг ўзи эса жуда яхши ғоя сифатида баҳоланди ҳамда бу орқали қозоқ маданиятини оммалаштиришга ҳисса қўшилганини айтишди.

Эслатиб ўтамиз,  хонанда 2025 йилнинг 7 августда Тошкентга ташриф буюради. Лопеcнинг Ўзбекистондаги илк концерти  Бунёдкор (Миллий) стадионида «Up All Night – LIVE IN 2025» турининг бир қисми сифатида намойиш этилади.

Женифер Лопеc концертда қандай кўринишда бўлади, Маданият вазирлиги бу борада хонандага менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда маълум талаблар қўйганми? Шу саволларга жавоб олиш мақсадида Маданият вазирлиги матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров билан боғланмоқчи бўлдик, лекин у қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.