UzAuto Motorsнинг ярим йиллик фойдаси 27,5 фоизга камайган

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатнинг етакчи автомобил ишлаб чиқарувчиси молиявий натижаларда сезиларли пасайиш қайд этди.

Uzauto motors

Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ҳисоботларига кўра, январ-июн ойларида UzAuto Motors тушуми 9,49 фоизга камайиб, 21,2 трлн сўмни ташкил этди. Ялпи фойда 22,8 фоизга қисқарып, 3,43 трлн сўмга етди. Энг катта пасайиш соф фойдада кузатилди — ўтган йилги 1,91 трлн сўмдан 1,38 трлн сўмга тушиб, 27,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, тақсимланмаган фойда 11,2 трлн сўмдан ошди.

Сотилган маҳсулот таннархи 6,36 фоизга қисқарып, 17,7 трлн сўмни ташкил этди. Харажатлар ўтган йил даражасида қолди — 2,33 трлн сўм (-2,2 фоиз). Шу жумладан, сотиш харажатлари 645 млрд сўм (-4,2 фоиз), маъмурий харажатлар 755,6 млрд сўм (-4,6 фоиз), бошқа операцион харажатлар эса 935,4 млрд сўм (+1,1 фоиз) бўлди.

Компаниянинг узоқ муддатли банк кредитлари деярли икки баробарга қисқарып, 810,1 млрд сўмга етди. Бироқ қисқа муддатли қарзлар (1,14 трлн сўм) ва қисқа муддатли банк кредитлари (1,4 трлн сўм) кескин ошди.

Июл ойида кузатув кенгаши ҳар бир акция учун 522 сўм дивиденд тўлашни таклиф қилди. Акциядорлар йиғилиши 141 млрд сўмдан ортиқ маблағни икки ой ичида тўлашга қарор қилди.

UzAuto Motors биринчи чоракда ҳам фойдаси икки баробарга камайганини қайд этганди. Июнда эса компания раҳбарлигида ўзгариш бўлиб, бош директор лавозимига Янош Ковач тайинланди.

Аввалроқ, UzAuto Motorsни 2024 йилни 314,9 млн долларлик соф фойда билан якунлагани ҳақида хабар берган эдик.