Тунги ёруғлик маълумотлари асосида иқтисодий ўсиш ва урбанизация баҳоланди

11:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий тадқиқотлар маркази илк бор NASA сунъий йўлдош маълумотлари орқали Ўзбекистон шаҳар ва вилоятларидаги иқтисодий фаолликни таҳлил қилди.

Nasa

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакатда биринчи марта NASAнинг тунги ёруғлик (NTL) маълумотларидан фойдаланиб, вилоят ва шаҳарлар кесимида иқтисодий фаолликни баҳолади. Таҳлил сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилиб, халқаро амалиётда фаровонлик даражасини тезкор ва мустақил ўлчаш усули сифатида қўлланилади.

Натижалар сунъий йўлдош маълумотлари билан расмий статистика ўртасида юқори мосликни кўрсатди. 2020–2024 йиллар даврида NTL маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 63,5 фоизга ўсиб, 2 011 доллардан 3 287 долларга етгани қайд этилди. Бу кўрсаткич расмий ҳисоботлардаги 59,4 фоиз ўсиш билан деярли мос келади.

Ichiga

Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилиб, сўнгги 5 йилда жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 3,2 минг долларга ошиб, 7,2 минг долларга етди. Мирабад, Яккасарой ва Юнусобод туманларида бу кўрсаткич 9 минг доллардан ошиб, мамлакат ўртача даражасидан икки баробар юқори бўлди.

2024 йилда энг юқори кўрсаткичлар Навоий (8,3 минг доллар), Зарафшон (6,8 минг доллар), Самарқанд (5,7 минг доллар), Қўқон (5,6 минг доллар), Андижон (5,1 минг доллар), Янгиёл (5 минг доллар) ва Қарши (4,8 минг доллар) шаҳарларида қайд этилди. Термиз (4,5 минг доллар), Урганч, Марғилон, Каттақўрғон (4,3 минг доллар) ва Чирчиқ (4 минг доллар)да ҳам юқори фаоллик кузатилди.

Таҳлил давомида урбанизация даражаси ҳам баҳоланиб, шаҳар агломерацияларига хос юқори ёруғликка эга ҳудудлар сони 21 тадан 26 тагача ошгани, кам ёруғликка эга қишлоқ туманлари эса 129 тадан 102 тага камайгани аниқланди. 27 та туманда шаҳар типидаги ривожланиш тенденцияси қайд этилди.

Халқаро тажриба шаҳар ривожланиши ва иқтисодий фаоллик ўсишини муваффақиятли иқтисодий трансформациянинг асосий белгиси сифатида кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ҳам шаҳарлар барқарор ривожланиш йўлида экани қайд этилди.