«Яшил макон» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар фонида истироҳат боғларида ноқонуний қурилишлар ва дарахтзорларни қисқартириш ҳолатлари аниқланди. Расмий маълумотларга кўра, 184 та боғда 944 та бино-иншоот, 18 та боғда 91 та ноқонуний қурилма қурилган. 98 та боғда эса 1248 та рухсатсиз аттракцион ўрнатилган, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев.
Бу муаммоларга жавобан «Адолат» партияси сайловолди дастурида бундай ҳудудларни сотиш ва хусусийлаштиришни тақиқлашни таклиф этган, Президент Мирзиёев эса ушбу ташаббусни 2024 йил 18 ноябрдаги нутқида қўллаб-қувватлаган эди.
Қабул қилинган қонунга кўра, давлатга тегишли маданий-маиший ҳудудларни хусусийлаштириш, бино қуриш ёки ер майдонини қисқартириш мумкин эмас. Ушбу меъёрларга риоя қилинмаган ҳолларда жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Қонунда ердан фойдаланиш турлари аниқ белгиланиб, асосий, шартли ва ёрдамчи тоифаларга бўлинган. Шунингдек, ботаника боғлари махсус муҳофаза этиладиган ҳудудлар сифатида эътироф этилди. Уларда ўсимлик дунёсига зарар етказувчи фаолият тақиқланади.
Ушбу ҳуқуқий асослар муҳитни муҳофаза қилиш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва аҳоли учун яшил масканларни сақлашни таъминлашга хизмат қилади. Бу экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.