Интернет фойдаланувчиларининг 78 фоиз қисми кўплаб ресурсларда бир хил паролдан фойдаланади

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Forbes Advisor тадқиқоти фойдаланувчиларнинг парол хавфсизлиги одатлари киберҳужумлар хавфини ошираётганини кўрсатди.

Internet parol

Forbes Advisor ўтказган сўров натижаларига кўра, фойдаланувчиларнинг 78 фоизи бир хил паролни бир нечта аккаунтда ишлатади. Улардан 52 фоизи ушбу паролни камида учта аккаунтда, 4 фоизи эса ўн бир ва ундан ортиқ аккаунтда қўллайди.

Сўровда иштирок этганларнинг 30 фоизи парол менежерларидан фойдаланишини айтган бўлса, 22 фоизи умуман ҳимоя чораларини қўлламаслигини билдирган. Бу эса шахсий маълумотлар ўғирланиши хавфини кескин оширади.

Парол бузилишларининг энг кўп мақсад қилинган ҳисоб турлари сифатида:
ижтимоий тармоқлар — 29 фоиз,
электрон почта — 15 фоиз,
уй Wi-Fi тармоқлари — 9 фоиз,
онлайн савдо аккаунтлари — 8 фоиз,
стриминг платформалари — 7 фоиз қайд этилган.

Паролларни бузишнинг асосий сабаблари сифатида сўров қатнашчилари
заиф парол қўллаш — 35 фоиз,
бир хил паролдан қайта-қайта фойдаланиш —30 фоиз,
компания маълумотларининг ҳакерлар томонидан олиниши — 27 фоиз
фишинг ҳужумлари — 21 фоизни кўрсатган. 17 фоиз эса пароли қандай бузилганини билмаслигини айтган.

Мутахассислар хавфсизликни таъминлаш учун ҳар бир аккаунт учун турли ва мураккаб парол ишлатиш, икки босқичли аутентификацияни ёқиш ва паролларни парол менежер орқали сақлашни тавсия қилади.