2025 йил 6 август куни «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжатга кўра (https://t.me/huquqiyaxborot/18390), Ўзбекистон ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар сақлайдиган ёки кўпайтириладиган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши шарт.
Ваколатли давлат органи сифатида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси белгиланди. Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг аниқ муддатлари белгиланган.
Хусусан, қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан 14 кун ўтгач, отлар 4 ойдан сўнг, чўчқалар 1 ойдан кейин, итлар ва мушуклар эса туғилганидан 3 ой ўтгач идентификация қилиниши лозим. Кўрсатилган муддатлар тугаганидан кейин 1 ой ичида рўйхатдан ўтказиш амалга оширилиши керак.
Сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонга олиб кирилган ҳайвонлар эса олиб кирилган кундан бошлаб 21 кун ичида идентификация қилиниши шарт.
Мазкур қонун ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритиш, касалликларни назорат қилиш ва чорвачилик соҳасидаги маълумотлар базасини такомиллаштиришга қаратилган.