Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорларда арзонлаштирилган гўштлар сотилиши бошлангани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, пойтахтнинг айрим бозорларида гўшт маҳсулотлари савдо шохобчалари кўпайтирилиб, нархлар барқарорлашгани айтилган.
«Пойтахтнинг бешта йирик бозори — Чорсу, Юнусобод, Фарҳод, Авиасозлар ва Қўйлиқ бозорларида гўшт нархи аллақачон пасайган», — дейди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Юқоридаги озиқ-овқат бозорларда илгари 624 та гўшт маҳсулотлари савдо расталари фаолият кўрсатган. 3 август куни қўшимча равишда яна 84 та раста (+13,5 фоиз) ташкил этилди. Натижада савдо нуқталари умумий сони 708 тага етди. 3 август ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бозорларига 78,9 тонна гўшт етказиб берилган. Шундан 21,8 тоннаси (умумий ҳажмнинг 27,6 фоизи) савдо расталарига жойлаштирилган қўшимча ҳажмни ташкил этди. Қуйидагича гўшт тақсимланган:
- «Авиасозлар» — 3,1 тонна (14,2 фоиз);
- «Фарҳод» — 5,6 тонна (25,7 фоиз);
- «Эски Жўва» — 6,0 тонна (27,5 фоиз);
- «Юнусобод» — 3,2 тонна (14,7 фоиз);
- «Қўйлиқ» — 4,0 тонна (18,3 фоиз).
Нархлар қанча? (ҳокимлик маълумоти)
- Мол гўшти (маҳаллий) — 85 000 сўм;
- Мол гўшти (Беларус) — 70 000 сўм;
- Қўй гўшти (маҳаллий) — 90 000 сўм;
- Музлатилган гўшт — 65 000 сўм.

Vaqt.uz журналисти хабар юзасидан Чорсу бозорига бориб, нархларни ўрганди. Жараён давомида 20 га яқин гўшт расталаридаги сотувчилар билан мулоқот қилинди. Ҳақиқатдан ҳам бозорнинг турли нуқталарда арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари учун расталар очилган ва уларда асосан импорт гўшт маҳсулотлари сотилмоқда. Товарнинг асосий қисми Покистон, Ҳиндистон, Беларус ва Ҳиндистондaн эканлигини гўшт сотувчилар ҳам тасдиқлашмоқда.
Чорсу бозорида арзонлаштирилган гўшт нархи қанча? (журналист таҳлили)
Лаҳм мол гўшт нархи 65 минг сўмдан, суякли мол гўшти эса 70 минг сўмдан бошланган. Мўғулистондан келган гўштлар ҳам 65 минг сўмдан, Беларус гўштлари нархи эса 70 минг сўмдан экан. Музлатилган гўштлар 65–70 минг атрофида.

«Арзонлаштирилган гўштларни кўрдим, асосийси четдан кирган. Ҳиндистон, Покистон, Беларусдан музлатилган шаклда келган. Ташқарида 85 минггача сотишяпти. 5 кг олсангиз, 2 килоси суякка чиқиб кетади. Гўшти фақат 2,5–3 кг чиқади. Гўштни ичини очсангиз, муздек новвот ранг бўлади. Яхлаган, музлаган гўштда барра гўштнинг таъми йўқ», — дейди гўшт сотувчилардан бири суҳбат давомида.

Бундан ташқари, сотувчидан гўштнинг сифати билан шахсан танишгани ҳақида сўраганимизда, уни кўрганлигини, бироқ талабга унчалик ҳам жавоб бермаслигини айтди. Ундан кўра, маҳаллий мол гўштини ўзини 130 – 140 минг сўмдан бемалол сотиб олган яхшироқ эканлигини тавсия қилди.

Чорсу бозори гумбази остидаги гўшт расталарида эса нархлар қуйидаги: (журналист таҳлили)
- Мол гўшти (маҳаллий) — 120 минг сўмдан 140 минг сўмгача;
- Қўй гўшти (маҳаллий) — 130 мингдан 160 минггача.
Шунингдек, «Korzinka» супермаркет тармоқларини ҳам кўздан кечирдик. 5 августга кўра, «Янада арзон нарх» акцияси доирасида мол гўшти 79 минг 990 сўмдан сотилаётган экан.

Эътиборлиси, 6 августдан эса нархлар қимматлашган, яъни мол гўшти тўши энди 85 минг 990 сўмдан сотувга чиққан.

Бозорга арзонлаштирилган гўштлар чиққанидан кейин Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг кунлик ҳисоботидаги тижорий нархларда бироз пасайиш кузатилган. Хусусан, мол гўшти нархи 73–98 минг сўмдан, 72–96 минг сўмгача арзонлаган. Совутилган импорт мол гўшти 93–95 минг сўмдан 92–93 минг сўмгача тушган. Қўй гўшти нархлари ўзгармаган.
«Гўшт нархини чеклашдан кўра, гўшт интервенцияси (ёки пастлаб кетганда гўшт хариди) самарали ва бозор воситаси ҳисобланади. Энди бу воситани фақат раҳбарлар кўзи учун витринага айланган ва бой Тошкентда эмас, камбағал ва қимматчилик туфайли кам гўшт ейдиган ҳудудларда, масалан, Фарғона водийси туманларида ҳам амалга ошириш керак», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Маълумот учун, июл ойи ҳолатига кўра энг қиммат гўшт Фарғона вилоятида қайд қилинган. Ундан кейинги ўринларни Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти эгаллаган.
Арзонлаштирилган гўштлар қаердан келяпти? — иқтисодчи таҳлили
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 4 ойида 124 млн долларлик гўшт импорт қилиниб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 фоизга ошган. Яъни нарх ўсишига реакция сифатида импорт ҳажми ҳам ошган.

Ўтган йилнинг январ-апрел ойларида Беларус ва Қозоғистон импортдаги асосий йўналишлар бўлган бўлса, жорий йилда Беларус яққол етакчилик қилган. Хусусан, 4 ойда Беларусдан импорт 58,7 млн долларни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 2 баробарга ошган.
Қозоғистондан мол гўшти импорти ўсишда давом этган бўлса-да, қўй гўшти импорти қисқарган. Қирғизистондан эса тирик қўй импортининг қисқариши ҳисобига умумий импорт 21,6 фоизга қисқарган.
Шунга қарамасдан, охирги бир йилда гўшт юқори даражада — 32,9 фоизгача қимматлаётган маҳсулот ҳисобланади. Хулоса қилганда, бозорда фақатгина импорт қилинган гўштларнинг нархигина пасайган, бироқ маҳаллий гўшт маҳсулотларида ўзгариш бўлмаган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.