2025 йил 28 июл куни Санкт-Петербург губернатори томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, патент асосида ишлаётган меҳнат мигрантларига такси хизматларида фаолият юритиш тақиқланди. Мазкур чеклов 2025 йил охиригача амал қилади ва компанияларга ушбу ҳайдовчилар билан шартномаларни якунлаш учун уч ой муҳлат берилган.
Ҳукумат қарорда таъкидлашича, бу қадам такси хизматларининг хавфсизлигини ошириш ва россияликлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадини кўзлайди. Шу билан бирга, меҳнат ва бандлик қўмитасига 2026 йил учун ҳам чекловларни узайтириш бўйича таклиф тайёрлаш вазифаси юклатилган.
Аммо иқтисодчилар ва меҳнат бозори таҳлилчилари бу чораларнинг иқтисодий оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, шаҳар бюджети ҳар йили 2,5 миллиард рублгача солиқ ва патент тўловларини йўқотиши мумкин. Шунингдек, ижтимоий ва пенсия жамғармаларига тушумлар камайиши хавфи бор.
Бундан ташқари, такси ва етказиб бериш соҳаларида меҳнат мигрантларининг улуши юқори бўлгани боис, мутахассислар бу чекловлар ишчи кучи етишмовчилигини кучайтиради, деб ҳисобламоқда. Натижада айрим ҳайдовчилар норасмий ишлашга ўтиши ёки бошқа ҳудудларга кўчиб кетиши мумкин.