Тошкентда нархи пасайган уй-жойлар, Кўкдаладаги иккинчи портлаш ва UzAuto Motorsнинг камайган фойдаси – 6 август дайжести

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Ўзбек олимлари Паркинсонни даволовчи янги дори тайёрлашга муваффақ бўлди

6 август куни эълон қилинган расмий маълумотга кўра, «Академик С.Й.Юнусов» номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари томонидан яратилган «Паркинсон касаллигини даволаш учун восита» номли янги препарат давлат рўйхатига олинди.

Ушбу восита таркибида тиканакли кавар (Capparis spinosa L.) ўсимлигининг куртаклари ва пишмаган меваларидан олинган экстракт мавжуд. Ундан тайёрланган восита асосан табиий биологик моддалар — полисахаридлар (30–35%), флавоноидлар (5–10%) ва сувда эрувчан оқсиллар (20–25%)дан иборат. Восита Паркинсон касаллигининг олдини олиш ва даволашда қўлланилади ҳамда кам ножўя таъсирга эга.

 

Ўзбекистонда аҳоли кунига 2 минг кишига кўпаймоқда: бунинг иқтисодиётга таъсири

2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 37,9 миллион нафарга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, йиллик ўсиш 730 минг нафарни ташкил этди. Бу иқтисодиётга тахминан ҳар куни 2 минг кишининг қўшилаётганини билдиради. Ушбу ўсиш суръати Евроосиёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади. Демографик босим иш ўринлари, уй-жой таъминоти, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида сезиларли талаб уйғотади. Айниқса, йирик шаҳарлардаги инфратузилма ва транспорт тизими учун бу жиддий синов ҳисобланади.

Январ–июн ойлари орасида Ўзбекистонда 405,5 минг нафар чақалоқ туғилган. Бу кўрсаткич аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 мингга кам бўлиб, демографиядаги динамика пастлаётганини кўрсатади. Агар ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2028 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион нафардан ошиб кетиши мумкин. Бу эса кенг қамровли ислоҳотлар ва узоқни кўзлаган демография сиёсати талабини кучайтиради.

 

Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчасида чиққан ёнғин юзасидан маълумот берилди

5 август куни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган «Олтиндала» маҳаласидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ёнғин ва портлаш юз берди. Ҳодиса автоцистернадан пропан сақлаш резервуарига ёқилғи қуйиш пайтида содир бўлган. Натижада 1 та автоцистерна ва 10 кубли резервуар ёниб кетди, ҳайдовчи енгил куйиш жароҳати олди. 5 та ёнғин-қутқарув гуруҳи ёнғинни қисқа вақтда бартараф этди.

Бу Кўкдала туманида сўнгги 20 кун ичида қайд этилган иккинчи шунга ўхшаш ҳодисадир. 16 июл куни ҳам худди шундай шохобчада портлаш содир бўлиб, 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди.

 

UzAuto Motorsнинг ярим йиллик фойдаси 27,5 фоизга камайган

Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ҳисоботларига кўра, январ-июн ойларида UzAuto Motors тушуми 9,49 фоизга камайиб, 21,2 трлн сўмни ташкил этди. Ялпи фойда 22,8 фоизга қисқариб, 3,43 трлн сўмга етди. Энг катта пасайиш соф фойдада кузатилди — ўтган йилги 1,91 трлн сўмдан 1,38 трлн сўмга тушиб, 27,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, тақсимланмаган фойда 11,2 трлн сўмдан ошди.

Сотилган маҳсулот таннархи 6,36 фоизга қисқарып, 17,7 трлн сўмни ташкил этди. Харажатлар ўтган йил даражасида қолди — 2,33 трлн сўм (-2,2 фоиз). Шу жумладан, сотиш харажатлари 645 млрд сўм (-4,2 фоиз), маъмурий харажатлар 755,6 млрд сўм (-4,6 фоиз), бошқа операцион харажатлар эса 935,4 млрд сўм (+1,1 фоиз) бўлди.

 

Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этмоқда

Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этмоқда. Марказий банкнинг 2025 йил биринчи ярим йиллик ҳисоботига кўра, пойтахтда иккиламчи бозорда 1 кв.м учун нарх 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмга тушган, 1 сотих ер нархи эса 334 млн сўмгача пасайган. Бу тенденция энергетика, экология ва транспорт соҳасидаги муаммолар кучайган пайтда кузатилмоқда. Сирдарё, Андижон, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида эса нархлардаги пасайиш деярли кузатилмаган.

Шу билан бирга, республика бўйича кўчмас мулк бозорида фаоллик ўсмоқда — 177,5 мингдан ортиқ битим қайд этилган, ипотека кредитлари ажратилиши 36 фоизга кўпайган. Бирламчи ва иккиламчи бозорда нархлар республика миқёсида биоз ўсган бўлса-да, Тошкентда ижара ва сотиб олиш баҳолари пасайишда давом этмоқда. Марказий банкнинг фикрича, юқори таклиф ва ипотека имкониятлари талабни барқарор ушлаб турибди, аммо узоқ муддатли пасайиш хавфи сақланиб қолмоқда.