Путин ва Уиткофф музокаралари: Россия раҳбари Украина масаласида АҚШга баъзи сигналлар берди

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан музокара ўтказди. Суҳбат уч соатдан зиёд давом этган.

Putin

Путин ва Уиткофф ўртасидаги учрашув, расмийларга кўра, фойдали ва конструктив тарзда ўтган. Кремл матбуот хизматининг баёнотида айтилишича, музокараларда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев иштирок этган.

«Мавзулардан асосийси — Украина инқирози. Шунингдек, Россия-Америка стратегик ҳамкорлигининг ривожланиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди», — деди Ушаков.

Унинг сўзларига кўра, Путин музокара пайтида АҚШга маълум «сигналлар» берган. Ушаковнинг таъкидлашича, бу сигналлар АҚШ президенти Доналд Трампдан ҳам олинган. Бироқ Кремл ҳозирча учрашув мазмунига оид тўлиқ шарҳ беришдан тийилдмоқда.

«Трампга бу учрашув натижалари ҳақида ҳали маълумот берилмаган. Шунинг учун мен батафсилроқ изоҳ беришдан ўзимни тийган бўлардим. Кўрамиз, Уиткофф бугун бўлиб ўтган суҳбат ҳақида Трампга қачон хабар бераркин. Шундан сўнг, шубҳасиз, шарҳларимни янада муҳимроқ нарса билан тўлдиришимиз мумкин бўлади», — деди Ушаков.

Малумот ўрнида, Уиткофф бу йил Россияга бешинчи марта ташриф буюрмоқда. У Москвага 6 август куни тонгда етиб келди.