Россия иқтисодиёти 2025 йилнинг охирига келиб мутлақ силжимайдиган ҳолатга тушиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки ўзининг янгиланган макроиқтисодий таҳлилларида маълум қилди. Қайд этилишича, биринчи чоракда ЯИМ фақат 1,4 фоизга ўсган — бу ўтган йилги 4,1 фоизга нисбатан уч баравар кам.
Иккинчи чоракда ўсиш 1,8 фоизга етди, аммо учинчи чоракда яна пасайиши кутилмоқда — МБ ҳисоб-китобига кўра, июл–сентябр ойларида ЯИМ 1,6 фоизга, тўртинчи чоракда эса атиги 0–1 фоизга ўсади. Бу эса йил якунида ўсиш деярли тўхташи мумкинлигини англатади.
Жорий йилда умумий ўсиш 1–2 фоизни ташкил этиши, келаси йил эса янада пастлаб, 0,5–1,5 фоиз атрофида қолиши тахмин қилинмоқда. Бу фонда жаҳон иқтисодиёти 3,1 фоизга, Хитой иқтисодиёти эса 4,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Россия эса улардан анча ортда қолади.
2023–2024 йилларда Россия ЯИМи мудофаа харажатлари ва контрактчиларга тўловлар орқали сунъий равишда ўсган — икки йилда умумий ўсиш 8 фоиздан зиёдни ташкил этган. Бироқ энди уруш оқибатлари, Ғарб санкциялари, кадрлар танқислиги ва юқори фоиз ставкалари иқтисодиётни секинлаштира бошлади.
Bloomberg Economics таҳлилчиси Алекс Кокчаровга кўра, кўплаб тармоқларда муаммолар авж олмоқда: кўмир компаниялари миллиардлаб зарар кўрмоқда, нефт-газ ва металлургия секторларида фойда бир неча баробар қисқарган, автозаводлар эса талаб йўқлиги туфайли қисқартирилган иш ҳафтасига ўтмоқда.
МБ бу жараённи «қизишдан чиқиш» ва «мувозанатлашган ўсиш» сифатида баҳоламоқда. Бироқ Европа сиёсат таҳлил маркази мутахассиси Александр Коляндр буни ҳақиқий иқтисодий секинлашув деб атади. Унинг таъкидлашича, бундай вазият нефт нархининг пастлиги билан уйғунлашса, бюджет тушумлари ҳам сезиларли камаяди.