Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 7 август куни Навоий вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Маълум қилинишича, сўнгги саккиз йилда вилоятда 8 миллиард долларлик 7 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилган ва 73 мингта янги иш ўрни яратилган. Бу муддатда тадбиркорлар сони уч баробарга кўпайган. Жорий йилнинг олти ойи ичида эса 643 миллион долларлик инвестиция ва 635 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Йиғилишда Навоийнинг қазилма бойлик ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича етарлича имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилган. Маълумотларга кўра, мамлакатдаги қазилма бойликларнинг 20 фоизи, яйлов ерларининг эса 43 фоизи айнан ушбу ҳудудда жойлашган. Шу боис, 3 миллион гектар яйловдан унумли фойдаланиш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳалар илгари сурилган.
Йиғилишда умумий қиймати 1,6 миллиард доллар бўлган қўшимча лойиҳалар тақдим этилган. Ушбу ташаббуслар доирасида 10 мингта янги иш ўрни ва 238 миллион долларлик экспорт салоҳиятини шакллантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Нурота туманида 50 гектар майдонда саноат зонаси ташкил этилиши, каштачилик марказлари сонини кўпайтириш ва эҳтиёжманд оилаларни қуёш панеллари ҳамда кўчма дўконлар билан таъминлаш бўйича ижтимоий йўналишдаги режалар билдирилган.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, йирик ва кичик корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш, сервис ва туризм хизматларини ривожлантириш бўйича топшириқлар берган.