Трамп ва Путин Аляскада учрашади

09.08.2025 11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Россия раҳбарлари учрашуви Украинадаги можарони ҳал этиш бўйича тинчлик шартномаси муҳокамасига бағишланади.

Putin trump uae

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social платформасида Россия президенти Владимир Путин билан 2025 йил 15 август куни Аляскада учрашиши ҳақида эълон қилди. Аляска учрашув жойи сифатида тасодифий танланмаган. АҚШнинг шимолий штати Россияга энг яқин ҳудуд ҳисобланади ва икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларда ўзига хос ўринга эга.

Россия президентининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков айтишича, Аляскадаги учрашувдан сўнг икки давлат раҳбарининг навбатдаги мулоқоти Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнда асосий эътибор хавфсизлик кафолатлари ва можарони босқичма-босқич бартараф этиш механизмларига қаратилган.

Трамп ва Путиннинг Аляскадаги учрашуви президентликка қайта сайланганидан кейинги АҚШ раҳбарининг Россия президенти билан биринчи юзма-юз мулоқоти бўлади. Бу воқеа халқаро сиёсий майдонда катта қизиқиш уйғотиб, кўплаб давлатлар ва экспертлар томонидан диққат билан кузатилмоқда. Чунки Вашингтон ва Москва муносабатлари сўнгги йилларда ўта таранг бўлиб, хавфсизлик, санкциялар ва минтақавий инқирозлар масалалари ҳал этишни талаб қилади.

Музокаралар жараёнида фақат Украина масаласи эмас, балки икки мамлакат ўртасидаги умумий муносабатлар, санкциялар, стратегик барқарорлик ва глобал хавфсизлик масалалари ҳам кўтарилиши кутилмоқда.