Зангезур коридори 99 йилга АҚШга ўтди ва «Трамп йўлаги» деб аталди

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Оқ уйда имзоланган Арманистон ва Озарбойжон тинчлик декларацияси доирасида Зангезур коридорини АҚШ назоратига беришга келишди, лойиҳага TRIPP номи қўйилди.

White house az am

АҚШ президенти Доналд Трамп Арманистон ва Озарбойжон ўртасида имзоланган оташкесим декларацияси Зангезур (Сюник) коридори бўйича келишувни ҳам ўз ичига олишини маълум қилди. Коридор 99 йилга АҚШ бошқарувига ўтиб, «Тинчлик ва фаровонлик йўлида Трамп йўлаги» (TRIPP) деб номланди.

Трампнинг айтишича, бу махсус транзит ҳудуди Озарбойжонга Нахичивон орқали ўз ҳудудларига тўлиқ чиқиш имкониятини беради, шу билан бирга Арманистон суверенитети тўлиқ ҳурмат қилинади. Арманистон эса АҚШ билан коридорни ривожлантириш бўйича эксклюзив ҳамкорлик ўрнатади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян лойиҳа инвестициялар жалб этиш ва АҚШнинг можароларни ҳал этишдаги етакчилик мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Озарбойжон президенти Ильҳом Алиев эса коридорни амалга ошириш икки давлат муносабатларидаги тўсиқларни йўқотишини билдирди.

Вашингтонда ўтган учрашувда Арманистон ва Озарбойжон тўлиқ оташкесим ҳақида декларация имзолади. Шунингдек, АҚШ ҳар икки давлат билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.