VPN: у интернет чекловларига қарши воситами ёки хавфсизликка таҳдид?

18:30 | 7 дақиқада ўқилади.

Сўнгги йилларда Британия, Хитой, Россия каби давлатларда турли сабаблар билан интернет чекловлари кучайгани VPNларга талабни оширди. Ўзбекистонда ҳам айрим сайт ва хизматларга кириш чекланганда VPN иловаларидан фойдаланилади.

Vpn illust

Британияда VPN талабининг кескин ошиши

Британияда июл охирида кучга кирган Интернет хавфсизлиги тўғрисидаги қонун болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш мақсадида катталарга мўлжалланган сайтларда “ёшни тасдиқлаш” тизимини мажбурий қилди. Бу Reddit, TikTok, танишув иловалари ва порнография сайтларига ҳам тааллуқли.

Бироқ кўпчилик шахсий маълумотини бериш ўрнига VPN орқали чет давлат серверига уланишни афзал кўрди. 4 августга келиб, Британияда энг кўп юклаб олинган 10 та бепул илованинг тўрттаси VPN бўлди.

 

VPN нима?

Интернетдан фойдаланганда сизга махсус рақамлар тўплами — IP манзил берилади. VPN эса шу манзилни “рақамли ниқоб” билан яширади. У интернет ҳаракатингизни шифрланган “туннель” орқали бошқа мамлакатда жойлашган серверга йўналтиради.

Масалан, сиз Лондонда бўлиб, VPN орқали Барселона серверига улансангиз, интернет-провайдер ёки давлат органлари сиз Испаниядан фойдаланяпсиз деб ўйлайди. Агар трафик ўрталаб қолса, у фақат шифрланган код сифатида кўринади.

 

Нега одамларга керак?

VPN технологияси илк бор 30 йилча аввал ходимларни масофадан туриб корпоратив тармоққа хавфсиз улантириш учун яратилган. Кейинчалик у шахсий маълумотларни реклама учун кузатишдан ҳимоя қилиш воситаси сифатида кенг тарқалди.

VPN орқали гео-чекловли контентга кириш мумкин — масалан, фақат бошқа мамлакатда кўрсатиладиган сериал ёки спорт трансляцияси. Сензура қаттиқ бўлган Хитой ёки Россияда эса VPN давлат “фаерволи”ни айланиб ўтиш учун ишлатилади. Ҳатто ҳакерлар ҳам ўз шахсини яшириш учун ундан фойдаланади.

 

Қанчалик оммалашган?

2025 йилга келиб, дунё бўйича тахминан 1,75 миллиард киши VPNдан фойдаланмоқда, бу глобал интернет фойдаланувчиларининг 31 фоизига тенг. Бошқа ҳисоботларда эса бу рақам 2 миллиардга яқин, яъни бутун жаҳон аҳолисининг бешдан бир қисмига тенг экани қайд этилган.

Damansage
Инфографика: www.damansage.com

Мамлакатлар кесимида энг юқори фойдаланиш кўрсаткичи Қатарда — тахминан 59 фоиз. Бирлашган Араб Амирликларида VPN фойдаланувчилар улуши 36–42 фоизни ташкил қилади. Индонезияда ҳам бу хизматлардан фойдаланиш юқори — 55 фоиз атрофида. АҚШда ҳар беш интернет фойдаланувчисидан иккитаси, яъни тахминан 42 фоиз киши VPN орқали интернетга киради. Европа давлатларида бу кўрсаткич ўртача 6–15 фоиз бўлиб, Британия ва Францияда 7 фоиз атрофида.

Бозор ҳажми ҳам катта суръатлар билан ўсмоқда. 2025 йилда глобал VPN бозори 44–45 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда ва 2027–2028 йилларга келиб 76–92 миллиард долларгача етиши прогноз қилинган. Ташкилотлар миқёсида ҳам VPNдан кенг фойдаланилади — дунёдаги корхоналарнинг 93 фоизи маълумот хавфсизлигини таъминлашда бу хизматларга таянади.

 

VPN қонунийми?

Аксарият мамлакатларда VPN қонуний ҳисобланади, агар у қонуний мақсадларда ишлатилса — масалан, масофадан корпоратив тармоққа уланиш ёки онлайн харидда тўлов маълумотларини ҳимоя қилиш. Бироқ айрим давлатлар уни бутунлай тақиқлаган (Туркманистон, Шимолий Корея, Ироқ) ёки фақат давлат рухсат этган хизматлардан фойдаланишга рухсат беради (Хитой, Россия).

Қонунга кўра VPN орқали жиноий фаолиятга ёрдам бериш мумкин эмас. Масалан, 2022 йилда Германия, АҚШ ва Британия иштирокидаги халқаро операция VPNLab.net серверларини мусодара қилди, чунки у кибержиноятларда қўлланган.

Айрим ҳолатларда ҳукуматлар “инқироз” деб баҳоланган вазиятларда VPN фойдаланишни вақтинча чеклаши мумкин.

VPNлар чекловларни айланиб ўтиш ва шахсий маълумотни ҳимоя қилиш имконини берса-да, ахборот хавфсизлиги ва қонунчиликка оид саволларни ҳам туғдиради. Миллиардлаб фойдаланувчи ва кенгаяётган бозор, уларнинг глобал аҳамиятини кўрсатади. Шу боис, VPNдан мақсадли ва хавфсиз фойдаланиш муҳим.

Bloomberg’дан таржима қилиниб, қайта ишланди.