Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган «Давлат чегараси орқали ўтказиш пунтклари тўғрисида»ги битим асосида чегарадан ўтиш имкониятлари кенгайтирилди.
Божхона қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2025 йил 10 август соат 6:00 дан эътиборан Тошкент вилоятидаги «Бекобод авто» ва Сирдарё вилоятидаги «Ховособод» чегара-божхона постлари орқали учинчи давлат фуқаролари ҳамда енгил автотранспорт воситалари ҳаракати йўлга қўйилди. Бу қарор икки давлат ўртасидаги транспорт ва инсонлар алмашинувини янада эркинлаштириш мақсадида қабул қилинган.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хусусан, икки мамлакат ҳудудлари орқали ўтувчи транзит йўналишларда ҳаракат қилиш имконияти кенгаяди.
Чегарадан ўтиш тартиблари амалдаги божхона ва чегара қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгариш саёҳат ва савдо алоқаларини фаоллаштиришга, шунингдек, йўловчилар учун қулайлик яратишга йўналтирилган.
Ҳозирча бу постлардан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўта олишмайди. Постдан фақат учинчи давлат фуқаролари ва автотранспорт воситалари ўтказилади.