Давлатимиз раҳбари озарбойжонлик ҳамкасбини ва қардош халқни куни кеча Вашингтонда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида имзоланган тинчлик декларацияси билан самимий қутлади. Президентлар яқин вақтда тўлиқ тинчлик битими имзоланиши Жанубий Кавказда узоқ муддатли барқарорлик ва ривожланишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил июл ойида Бокуда ўтган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Томонлар ўртасида барча даражада фаол алоқалар давом этмоқда. Жорий йил бошидан икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди. «Йўл харитаси» асосида иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар шаклланмоқда.
Шунингдек, стратегик нефт-газ лойиҳаси бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Президентлар яқинда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашув ва тадбирлар тақвимини ҳам кўриб чиқдилар.