10 август куни соат 22:00 атрофида Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Шайман» МФЙ ҳудудида жойлашган газ тўлдириш шохобчасида ёнғин келиб чиққани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар берилган. Ҳодиса оқибатида шохобча ҳудудида турган Kia Bongo, Damas ва Gentra автомобиллари зарарланган.
Хабар тушгач, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи 15 дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган. Соат 22:21 да ёнғин қуршаб олиниб, 22:30 да тўлиқ ўчирилган. Олов туфайли учала машина ҳам турли даражада зарарланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори бўйича суриштирув олиб борилмоқда.
Мутасаддилар аҳоли ва ҳайдовчиларни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга чақирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, автомобилларга ёқилғи қуйиш вақтида хавфсизлик чораларига амал қилиш бундай ҳолатларнинг олдини олади.
Эсдатиб ўтамиз, аввал ҳам 16 июл ва 5 август кунлари Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 2 та газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берган эди.