Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга сув беради

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистон жанубида сув етишмовчилигини камайтириш учун 600 млн метр куб сув юборади. Бу вегетация даври тугагунига қадар амалга оширилади.

Suv

7 август куни Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев ҳукумат брифингида маълум қилишича, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришдаги мавжуд вазият тезкор чоралар кўришни талаб қилмоқда. Аввалги давлатлараро келишувлар асосида зарур сув ҳажми юборилади.

Унга кўра, жорий вақтда сув етказиб бериш жадвалидан 1 млрд метр кубдан ортиқ кечикиш қайд этилган. Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида сув омборлари ҳамда туманлардаги ҳолат ўрганилган, фермерлар билан учрашувлар ўтказилган. Бозумбаев вазият мураккаб бўлишига қарамай, уни талафотсиз ўтказишга ҳаракат қилишларини айтди.

Шунингдек, у Марказий Осиёда жорий йилдаги ноқулай иқлим шароитини таъкидлаб, сув камлиги, юқори ҳарорат ва ёғингарчилик етишмаслиги сув оқимини камайтирганини билдирди. Бу ҳолат сув сарфини ошириб, қишлоқ хўжалигида қўшимча қийинчиликлар келтирган.

Расмий маълумотга кўра, Сирдарё, Чу ва Талас дарёлари ҳамда айрим каналларда сув ўтказувчанлиги одатдагидан 30–40 фоизгача пасайган. Бу эса минтақада сув билан таъминлашда қўшимча чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.