Арманистон ва Озарбойжон ҳозирча сулҳ шартномасини имзоламаган: АҚШдаги учрашув фақат расмиятчиликми?

12:00 | 26 дақиқада ўқилади.

Оқ уйда Трамп ҳузурида нималар бўлгани ва «Трамп йўли» деб аталган йўлак нима бўлиши ҳақида тушунтирамиз.

White house

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Вашингтондаги учрашуви кўплаб ҳаяжонли реакцияларга сабаб бўлди. Оқ уй уни тарихий деб атади, ғарбдаги кўплаб журналистлар эса АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида 35 йилдан ортиқ давом этган можарога ниҳоя берилгани ҳақида ёзди. Ҳатто Пашинян ва Алиевнинг ўзи ҳам Трамп тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ, деб рози бўлишди. Бироқ аслида вазият унчалик ёруғ ва оддий эмас.

Кавказ минтақаси бўйича мутахассис Роман Черников «Медуза» нашри учун АҚШда аслида нималар бўлганини ва мамлакатлар ҳал этиши керак бўлган масалалар ҳақида тушунтириб берди.

 

Аслида сулҳ шартномаси ҳамон имзоланмаган. Оқ уйдаги учрашув эса кўз-кўз қилинувчи маросимдан бошқа нарса эмас

Трамп Truth Social’да «official Peace Signing Ceremony» («сулҳ шартномасини имзолашнинг расмий маросими») иборасини тилга олиб, кўпчиликни адаштирди. Натижада Associated Press, CNBC, Euronews каби кўплаб халқаро ОАВ айнан шу ифодада хабар берди. Аслида эса томонлар фақат етти бандидан иборат, етарлича содда ва аниқ мазмундаги декларацияни имзолашди.

Унинг илк бандида шундай дейилади:

«Биз ва Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Ж. Трамп томонлар ташқи ишлар вазирлари томонидан «Озарбойжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим»нинг келишилган матнини имзолашига гувоҳ бўлдик. Шу муносабат билан Битимни имзолаш ва якуний ратификация қилишга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини тан олдик ва мамлакатларимиз ўртасида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладик».

Ҳужжатни бош ҳарф қуйиб имзолаш (инглиз тилида бу ерда initialing сўзи ишлатилган) — бу, аслида, ҳар икки томон матнга рози эканини ва унинг ифода ва жумлаларини ўзгартириш тарафдори бўлмаслигини англатади.

«Озарбойжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим»нинг ўзи 17 бандни ўз ичига олади ва 11 август куни эълон қилинади. Бу муҳим воқеа, чунки ундан олдин ҳужжат мазмуни ҳақида жуда кам маълумот бор эди.

Шу билан бирга, тинчлик шартномаси матни бўйича музокараларни Арманистон ва Озарбойжон 2020 йилдан кейин Россия, шунингдек, Брюссел ва Вашингтон иштирокида олиб борган. Бир вақтлар икки хил вариант мавжудлиги ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлган (улар орасидаги фарқ ҳақида Путин ҳам айтган). Бироқ якуний келишув томонлар томонидан воситачиларсиз, мустақил равишда амалга оширилди. Бу март ойида содир бўлди, ўшанда Арманистон сўнгги икки баҳсли бандга рози бўлди.

Шундай қилиб, Оқ уйдаги маросим фақатгина чиройли расмий ишора бўлди — икки вазирлик вакили ҳужжат тайёрлигини беш ой аввалёқ тан олган эди. Аммо давлат раҳбарлари уни қачон имзолаши ҳали номаълум.

 

Модомики, бу тинчлик шартномаси эмас экан, нима учун Алиев ва Пашинян Доналд Трампга бунчалик фаол миннатдорчилик билдиришди?

Ҳам Ереван, ҳам Боку учун Трамп билан яхши муносабатлар муҳим — шундан келиб чиқиб, можаро кучайган тақдирда, келишувни бузишда қарши томонни айблаб, Трампга мурожаат қилиш мумкин бўлади. Бу айниқса заиф ҳолатда турган Арманистон учун муҳим. Доналд Трампнинг Жанубий Кавказдаги можаро тугаганига ишончи — камида яқин уч йилга, АҚШдаги навбатдаги президентлик сайловларигача, Ереван учун янги урушдан ҳимоя ҳисобланади.

 

Томонлар чинакам сулҳ шартномасини имзолаши учун нималар содир бўлиши керак?

Озарбойжона расмий Ереван олдига қўйган ва воз кечиш нияти йўқ икки талаб бор. Улар — 1992 йилдан можарони тартибга солиш билан шуғулланган ЕХҲТ Минск гуруҳини тугатиш ҳамда Арманистон Конституциясини ўзгартириш. Бокуга кўра, бош қомусда ҳудудий даъволар мавжуд.

Бу баҳсли масала. Арманистон Конституциясининг преамбуласидан мамлакат Мустақиллик декларациясига ҳавола бор, унда эса у «1989 йил 1 декабрдаги Арманистон ССР Олий Кенгаши ва Тоғли Қорабоғ Миллий Кенгашининг «Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг қўшилиши» тўғрисидаги қўшма қарорига асосланган ҳолда, 1918 йил 28 майда тузилган мустақил Арманистон Республикасининг демократик анъаналарини ривожлантириш» асосида ёзилгани қайд этилган.

«Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг қўшилиши» тезиси бутун можаронинг илдизи ва, табиийки, Боку учун жиддий безовталик манбаи ҳисобланади. Улар келгусида Арманистон қандайдир ҳукумати унга таяниб, Қорабоғни қайтадан тортиб олишга уринши мумкинлигини айтишади. Шу билан бирга, бу баҳсни осонгина рад этиш мумкин: агар сиёсатчи ҳақиқатан ҳам янги уруш бошлашни истаса, Конституциядаги қайсидир ифода йўқлиги уни тўхтатмайди.

Ҳозирча фақат биринчи талабни бажариш бўйича илгарилаш кузатилмоқда. Вашингтонда имзоланган бошқа ҳужжатлар орасида Арманистон ва Озарбойжоннинг ЕХҲТга можаро якунлангани муносабати билан Минск гуруҳини ёпиш тўғрисидаги қўшма мурожаати ҳам бор. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас — қарор ЕХҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан 4–5 декабр кунлари Венадaги йиғилишда овоз бериш орқали қабул қилинади. Бу қарор қабул қилинишига деярли шубҳа йўқ.

Арманистон Конституцияси билан эса вазият анча мураккаб. Никол Пашинян бу борада ўз ёндашувини бир неча бор ўзгартирган: гоҳ 2027 йилда конституциявий референдум ўтказишини эълон қилган, гоҳ ўзгаришлар керак эмаслигини айтган.

Бундан ташқари, Пашинян май ойи охирида тинчлик шартномаси бўйича қўшимча текширув даражасини таклиф қилди: «Агар Конституциявий суд Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик шартномаси матни Конституциямизга мос келмайди, деб топса, мен конституциявий ўзгаришларни бошлайман, чунки бу тинчлик жараёни ва тинчлик шартномаси қолдириб бўлмайди. Биз жамиятимизни бу ўзгаришни амалга ошириш учун ишонтиришга ҳаракат қиламиз…»

Бу риторика кўпроқ популистик тусга эга. Албатта, тинчлик шартномаси лойиҳасини Конституциявий судга юбориш мумкин, аммо бу Илҳом Алиевни асло ишонтиролмайди. Шунинг учун Пашинянга, эҳтимол, Конституцияга ўзгартиш киритишга тўғри келади, лекин у бунга фақат 2026 йил июнидаги парламент сайловларидан сўнг киришади, ўз рейтингини пасайтириб қўймаслик учун.

Пашиняннинг сайловолди кампанияси, шубҳасиз, танланган дипломатик курс туфайли мамлакат ҳақиқий тинчлик шартномасига имзо чекишга максимал яқинлашгани ва дунёдаги энг қудратли давлат — АҚШдан хавфсизлик кафолатларини олгани ҳақидаги тезисга қурилади. Бироқ бу жараённи якунлаш учун сўнгги қадам — Пашинян учун яна бир бор овоз бериш талаб этилади. Шундан сўнг Арманистон ҳокимияти турли нооммабоп чоралар (масалан, чегарани делимитация қилиш) билан шуғулланиши ва референдумга тайёргарлик кўриши мумкин бўлади.

 

Сулҳ шартномаси Арманистоннинг Қорабоғдан тўлиқ воз кечишини англатадими? Арманлар ҳеч қачон у ерга қайта олмайдими?

Ҳали шартнома матни эълон қилинмаган бўлса-да, бу саволга ишонч билан жавоб бериш мумкин — ҳа. Ҳужжат мутлақо икки давлатнинг ҳудудий яхлитлигини тан олишни ўз ичига олади, шу тамойилга кўра эса, Қорабоғ — Озарбойжон ҳудуди ҳисобланади.

Икки давлат ўртасида Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқларини назарда тутувчи шартнома лойиҳалари илгари ҳам ишлаб чиқилган, аммо, биринчидан, бу 2023 йил сентябригача (Арманистон Қорабоғни йўқотганидан олдин) содир бўлган, иккинчидан — бунга жавобан Озарбойжон низо бошланишида, 80-йиллар охири — 90-йиллар бошида Арманистондан қувилган озарбойжонларнинг қайтиб келиш ҳуқуқини шартномага киритишни талаб қилган.

Бундан ташқари, арман жамоатчилигини Бокудаги арман маҳбусларининг тақдири ҳам жиддий ташвишга солмоқда — улар орасида Қорабоғнинг собиқ раҳбарлари ҳам, оддий ҳарбийлар ҳам бор. Озарбойжон уларни ҳарбий асир сифатида тан олишдан бош тортмоқда, чунки улар 2020 йил 9 ноябридан кейин қўлга олинган. Бироқ, уларнинг озод қилиниши ҳам тинчлик шартномасида кафолатланмаган — Боку бу масалани сиёсий кўзир воситаси сифатида келажакка қолдирмоқчи.

 

Ҳамма «Трамп йўли» ҳақида гапирмоқда. У нима ўзи?

Бу «Зангезур коридори» деб аталувчи, яъни Озарбойжоннинг асосий қисмида Нахичивонга Арманистон ҳудуди орқали ўтадиган йўлдир. Гарчи унинг очилиши тинчлик шартномасида назарда тутилмаган бўлса-да (бу масала шунчалик кўп баҳсларга сабаб бўлдики, уни чиқариб ташлашга тўғри келган), Боку бу йўлни очиш ғоясидан воз кечиш нияти йўқлигини доим таъкидлаб келган.

Бироқ айнан Доналд Трамп маъмурияти, афтидан, ҳам Бокуни, ҳам Ереванни қониқтирган таклифни берди. Унинг тафсилотлари ҳозирча ноаниқ, аммо моҳияти шундаки, йўлнинг Арманистон ҳудудидаги қисмини қандайдир америкалик компания бошқаради. Лойиҳа эса жуда дабдабали номланган — Trump Road for International Peace and Prosperity (TRIPP).

Тафсилотлар эҳтимол шу куни, лекин бошқа бир ҳужжатда — Арманистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида «Тинчлик чорраҳаси» лойиҳаси бўйича салоҳиятни ривожлантиришда ҳамкорлик ҳақидаги англашув меморандумида қайд этилган.

Лойиҳа матни ҳали эълон қилинмаган, бироқ тарафларнинг асосий талаблари анча вақтдан бери маълум. Боку ҳаракат «тўсқинликсиз» бўлиши кераклигини (бу сўз уч томонлама декларацияда бор) талаб қилса, Ереван йўлни «коридор» деб аташ мумкин эмаслигини, у Арманистон қонунчилиги ва миллий суверенитетга ҳурмат асосида фаолият юритиши кераклигини таъкидламоқда. Бу зиддиятли пунктлар ўртасида қандай мувозанат топилиши — ҳозирча номаълум.

 

Пашинян яна бир «ҳудудлар алмашинуви» ҳақида сўз очди. Бу нима дегани?

Арманистон президентининг бу гапини икки хил талқин қилиш мумкин. Бир томондан, икки давлатнинг амалдаги чегараси бўйлаб (у фақат Тавуш областининг кичик бир қисмидагина делимитация ва демаркация қилинган) ҳақиқатан ҳам Озарбойжон ёки Арманистон қўшинлари томонидан оккупация қилинган ҳудудлар бор.

Асосан бу фақат тоғ ёки кўл соҳили бўлади, лекин баъзи ҳолларда рақиб назорати остида қабристон, яйлов ёки сув иншооти ҳам бўлиши мумкин — масалан, Сюник областининг Неркин Ханд қишлоғида. Тавушдаги делимитация тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай алмашинувлар мумкин, аммо норози томонлар барибир бўлади — деярли аниқ, кимнингдир ер участкалари янги чегара чизиғидан у ёқда қолади.

Бироқ томонлар ҳали муҳокама ҳам қилмаган анча мураккаб ва нозик масала бор. Бу — Арманистон ҳудудидаги Озарбойжон анклавлари. Улар мамлакатнинг асосий йўлларида ёки уларга яқин жойда жойлашган — Кярки, Юқари Аскипара ва Софулу.

Назарий жиҳатдан давлатларнинг бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиши Озарбойжон ушбу қишлоқлар устидан назоратни қайта қўлга киритиши ва у ерда чегарачилар, кейинчалик эса аҳоли жойлаштиришини англатади. Бироқ бу ерларга Арманистон ҳудуди орқали қандайдир ишлайдиган ўтиш механизмини тасаввур қилиш жуда қийин.

Бошқа томондан, Ереваннинг Бокуга ушбу анклавлардан воз кечиши учун таклиф этадиган ҳеч нарсаси йўқ. Озарбойжон ҳудудида фақат битта арман анклави бор — Арцвашен, ва у анча кам қимматга эга. Бу тоғларда жойлашган, фақат маҳаллий аҳамиятга эга йўл ўтадиган қишлоқ бўлиб, унга муқобил йўллар мавжуд.

Шу билан бирга, Бокуга Юқори Аскипара анклавини топшириш Ереван–Тбилиси шоссесининг Озарбойжон ҳарбийлари томонидан икки томонлама доимий ўт очиш назорати остида қолишини англатади. Агар икки давлат ўртасидаги тинчлик амалда мустаҳкам бўлмаса, бу муҳим сиёсий кўзирга айланиши мумкин.

 

Алиев, Пашинян ва Трамп келишувларига Москвада қандай қарайди? Ахир бу Россиянинг Жанубий Кавказдаги таъсирини йўқотишини англатмайдими?

Ҳа, англатади — айниқса транспорт коммуникациялари соҳасида. 2020 йилдан кейин йўлларни очиш масаласи Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук иштирокидаги комиссия томонидан кўриб чиқиларди, 2020 йил 9 ноябрдаги келишув эса «Зангезур коридори»ни ким назорат қилиши аниқ белгилаган эди — Россия чегарачилари. Бироқ ўтган йил кузида Ереван комиссия фаолияти «консенсус йўқлиги» сабаб де-факто тўхтатилганини маълум қилди.

Россия чегарачилари омили ҳануз кучда қолмоқда — улар ҳали ҳам Арманистон–Эрон чегарасини қўриқламоқда (гарчи энди «Агарак» назорат-ўтказиш бекатида ҳужжатларни текширишда иштирок этмаётган бўлсалар ҳам), демак, улар қандайдир тарзда америкаликлар билан қўшни бўлишларига тўғри келади.

Бироқ Доналд Трамп билан муносабатлар фақат Ереван ва Боку учун эмас, Россия учун ҳам муҳим, шунинг учун Москвада Вашингтондаги «тинчлик саммити»ни танқид қилишмади.

«Жанубий Кавказ республикалари раҳбарларининг АҚШ воситачилигида Вашингтонда учрашуви ижобий баҳога лойиқ. Ушбу қадам тинчлик кун тартибини илгари суришга ёрдам беради, деб умид қиламиз», — деди РФ ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Шу билан бирга, бу ажабланарли эмас — Москванинг минтақага ҳақиқий таъсири 2023 йилда, арманларнинг Қорабоғдан чиқиши биланоқ йўқотилган эди.

Россия «Трамп йўли»дан Туркия ва Эрон билан темир йўл алоқалари учун фойдалана оладими — ҳозирча жавоби йўқ савол. Никол Пашинян эса Москвага бундай имконият сақланишини аллақачон маълум қилган.

 

Эрон-чи? Ахир «Трамп йўли» тўғридан тўғри унинг чегараси бўйлаб ўтади. Теҳрон америкаликларнинг бу мавжудлигига кўнадими?

Ростдан ҳам, Вашингтондан келган янгиликларга Эрон ҳукумати реакцияси ҳозирча энг қаттиқ бўлди. Эрон Олий раҳнамоси маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий Озарбойжонни Нахичивон билан боғлаш учун Эрон ҳудудидан фойдаланишни давом эттириш мумкинлигини айтди ва «Трамп йўли» барпо этилишига Россия билан бирга ёки ундан мустақил равишда тўсқинлик қилажагини қўшиб қўйди. «НАТО Россия ва Эрон орасига бўғма илондек узала тушиб олмоқчи, аммо Эрон бунга йўл қўймайди», — деди у.

Муҳими, ҳозир Эрон компанияси Арманистоннинг Сюник областида мамлакатнинг шимоли ва жанубини боғлайдиган йўл қурмоқда. Демак, эронлик қурувчилар ҳам барибир америка компанияси ишчилари билан тўқнаш келишига тўғри келади (уларнинг йўллари деярли бир-бирига перпендикуляр), ва уларнинг йўналишлари қандай кесишиши — муҳим инженерлик ва сиёсий ечим бўлади.