Полшада президентлик сайловлари: ғолибни аниқлаш иккинчи турга қолди

19.05.2025 10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 18 май куни Полшада президентлик сайлови бўлиб ўтди ва яққол ғолиб аниқланмади. 1 июн куни бўлиб ўтадиган сайловнинг иккинчи тури мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари, миграция сиёсати ва ички ислоҳотлар бўйича келажак йўналишини белгилаб беради.

Trzakowsky

Асосий рақобат Варшава шаҳар мэри, ҳозирги бош вазир Доналд Туск раҳбарлигидаги марказчи-ўнгчи «Фуқаролик коалицияси» номзоди Рафал Тшасковский ва миллий-консерватив «Ҳуқуқ ва адолат» партияси томонидан қўллаб-қувватланаётган тарихчи Карол Навроцкий ўртасида кечмоқда.

Тшасковский Евроиттифоқ билан яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва суд ислоҳотларини давом эттиришни мақсад қилган. Навроцкий эса миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ва АҚШ билан алоқаларни кучайтириш тарафдори бўлиб, Доналд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган.

Миграция масаласи ҳар икки номзоднинг кампаниясида марказий ўринни эгаллади. Навроцкий украиналик қочқинларга нисбатан танқидий муносабатда бўлиб, уларни ижтимоий хизматлардан фойдаланишда маҳаллий аҳолига рақобатчи сифатида кўрсатмоқда. Тшасковский эса бу масалада эҳтиёткорлик билан ёндашиб, либерал позицияларини юмшатган.

Сайловда радикал-ўнгчи Славомир Менцен ҳам иштирок этмоқда. Унинг популистик ва Евроиттифоққа қарши риторикаси айниқса ёшлар орасида оммалашган. Менценнинг кампанияси украиналик қочқинларга қарши чиқиш ва миллий манфаатларни биринчи ўринга қўйишга қаратилган.

Сайлов натижалари мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ҳозирча дастлабки ҳисоб китобларга кўра, бирор номзод 50 фоиздан кўп овоз олмаган ва энди 1 июн куни сайловларнинг иккинчи тури ўтказилиши режалаштирилган.