Исроилнинг Ғазога берган зарбасида «Al Jazeera» журналистлари ҳалок бўлди

13:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Ғазо шаҳрида Шифо шифохонаси ёнидаги журналистлар чодирига берилган ҳаво зарбаси оқибатида «Al Jazeera» телеканалининг беш ходим, жумладан таниқли журналист Анас аш-Шариф ҳалок бўлди.

Halok bo'lgan jurnalist

Қатар телеканали маълумотича, 11 август куни амалга оширилган ҳужумда жами етти киши нобуд бўлган. Улардан беш нафари телеканал ходимлари — мухбирлар Анас аш-Шариф ва Мухаммед Крейке, операторлар Иброҳим Заҳер, Мухаммед Нуфал ҳамда Моамен Аливадир. Аш-Шариф уруш бошидан бери Ғазодан хабар бериб келаётган эди.

Ўлимидан бироз олдин аш-Шариф «X» саҳифасида Исроилнинг Ғазо шаҳри шарқий ва жанубий ҳудудларига кучли бомбардимон бошлагани ҳақида ёзган. Унинг охирги видеосида орқа фонда ракеталар портлаши янграйди. Шунингдек, у вафот этган тақдирда эълон қилиниши учун сўнгги мактуб қолдирган, унда ҳақиқатни бузмасдан етказишдан ҳеч қачон қайтмаганини таъкидлаган.

Исроил мудофаа армияси аш-Шарифни «журналист ниқоби остида ҳаракат қилган ҲАМАС аъзоси» деб атаган ва уни ракета ҳужумлари режасини ишлаб чиққанликда айблаган. «Al Jazeera» бу даъволарни рад этиб, журналистнинг ўлими «Газони босиб олиш арафасида сўз эркинлигини бўғиш» деб баҳолади. Бир неча ой аввал БМТ махсус маърузачиси ва журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Исроилнинг айбловларини асоссиз, деб эълон қилган эди.

Анас аш-Шариф 2024 йилда «Reuters» жамоаси таркибида Исроил–Ҳамас уруши ҳақидаги фотожурналистика учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлган эди.

Ҳамас ҳаракати журналистларнинг ўлдирилишини Исроилнинг янги кенг кўламли ҳужумига тайёргарлик сифатида баҳолади. Газода 22 ойлик уруш ва очлик инқирози давом этар экан, маҳаллий расмийлар уруш бошидан бери 237 нафар журналист ҳалок бўлганини маълум қилди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса бу рақамни камида 186 деб қайд этди.

Аввалроқ, Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети Биньямин Нетаньяҳунинг ҲАМАСни мағлуб этиш учун Ғазони тўлиқ эгаллаш режасини маъқуллагани учун Тел-Авивда минглаб одамларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик.