Австралия бош вазири Энтони Албанезе 11 августдаги брифингда мамлакат сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясида Фаластинни давлат сифатида тан олишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, қарор Фаластин маъмуриятидан олинган муҳим кафолатлар асосида қабул қилинган.
Албанезенинг таъкидлашича, Австралия ҳукумати Фаластиннинг келажакдаги давлат тузилишида ҲАМАС ташкилоти иштирок этмаслиги шартлигини қатъий қўйган. «Бу — биз талаб қилган ва Фаластин раиси Маҳмуд Аббос ҳамда маъмуриятидан олган кафолатлардан бири», — дея унинг сўзларини келтирмоқда Bloomberg нашри.
Фаластинни тан олиш бўйича халқаро ҳаракат сўнгги бир йилда кучайди. 2024 йил май ойида Норвегия, Ирландия ва Испания бу қарорни қабул қилган эди. Ўшанда 193 та БМТ аъзосидан 143 таси Фаластинни расман тан олган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон, Россия ва Хитой ҳам бор.
Жорий йил июлида Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам ўз мамлакати сентябрдаги БМТ Бош Ассамблеясида Фаластинни тан олишини маълум қилди. Шу йўлдан яна икки давлат — Канада ва Буюк Британия ҳам бориши кутилмоқда.
Исроил ва унинг асосий ҳамкори — АҚШ эса Франция, Буюк Британия ва Канада қарорини қаттиқ танқид қилди. Улар бу қадам Яқин Шарқда тинчлик жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе Исроил спорт жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатиш таклифи билан чиққани ҳақида хабар берган эдик. Бу чақириқ Ғазо секторида Исроил ҳарбий ҳужумида ҳалок бўлган Фаластин миллий терма жамоасининг собиқ аъзоси Сулаймон ал-Убайд ўлими ортидан янгради.