ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси маълумотича, Бекобод шаҳри Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси, 1989 йилда туғилган эркак фуқаронинг хорижга чиқиш тақиқини бекор қилиш учун 20 млн сўм талаб қилган. У шундан 13 млн сўмни пора сифатида олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговда аниқланишича, у шу «хизмати» учун аввалроқ 450 АҚШ доллари ва 1 млн 300 минг сўм ҳам олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, судга оширилган.
Бекобод туман суди ҳукмига кўра, у Жиноят кодексининг пора олиш ва фирибгарликка оид моддалари билан айбдор деб топилди. Шунингдек, 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Суд ҳукми билан собиқ давлат ижрочиси 6 йил озодликдан маҳрум этилиб, жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.