Гарвард олимлари Алцгеймер касаллигига даво топди

15:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Литий асосидаги дорилар ёрдамида йўқолган хотирани тиклаш усули аниқланди.

Altsgeymir kasalligi

Гарвард тиббиёт мактаби олимлари қарийб ўн йиллик тадқиқотлар натижасида Алцгеймер касаллигида хотира йўқолишига олиб келадиган асосий омиллардан бирини аниқлади. Nature журналида чоп этилган мақолага кўра, мияда литий миқдорининг камайиши нейронлар алоқасига салбий таъсир кўрсатиб, касаллик аломатларини кучайтиради.

Тадқиқотда юзлаб инсон мияси намуналари ва ҳайвонларда тажрибалар ўтказилди. Аниқланишича, амилоид-бета оқсиллари литийни ўзлаштириб, унинг мия тўқималари учун фойдали таъсирини пасайтиради. Бу жараён хотиранинг сусайиши ва деменсия белгиларининг кучайишига олиб келади.

Олимлар бунга қарши арзон ва хавфсиз ҳисобланган литий оротат моддасидан фойдаланди. Сичқонлардаги синовлар бу модда хотирани тиклаш, зарарланган мия тўқималарини қайта шакллантириш ва касаллик ривожини орқага қайтаришга қодир эканини кўрсатди.

Эпидемиологик кузатувлар ҳам литий кўп бўлган ҳудудларда деменсия кам учрашини тасдиқлади. Масалан, Даниянинг айрим туманларида ичимлик сувида литий миқдори юқори бўлгани сабабли деменсия ҳолатлари анча паст.

Ҳозирда дунё бўйлаб 55 млндан зиёд киши Альцгеймер касаллигига чалинган. Гарвард усули мавжуд даволардан фарқли ўлароқ, йўқолган хотирани тиклаш имконини беришини ваъда қилмоқда. Бироқ олимлар ҳозирча усул фақат ҳайвонларда синовдан ўтганини, одамлар устидан клиник тадқиқотлар бошланганини таъкидлаб, литийни шифокор назоратисиз қабул қилмасликка чақирмоқда.